Сайхунободда жиноятчиликнинг олдини олиш ишлари ўрганилди
Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Сардор Мирзараимов Сайхунобод туманида бўлиб, жиноятчиликнинг олдини олиш, криминоген вазиятни барқарор сақлаш ва аҳоли муаммолари билан ишлаш ҳолатини ўрганди.
Ўрганишлар Иттифоқ маҳалла фуқаролар йиғинидаги маҳалла еттилиги фаолиятидан бошланди. Профилактика инспекторининг аҳоли мурожаатлари, профилактик ҳисобдаги ҳамда алоҳида эътибор талаб қиладиган шахслар билан ишлаш ҳолати юзасидан ахбороти тингланди. Шунингдек, профилактика инспектори учун ажратилган хизмат уйи кўздан кечирилди.

Иттифоқ ва Турон маҳаллаларида аҳоли билан ишлашнинг самарадорлигига ҳам эътибор қаратилди. Хонадонлар ҳолидан хабар олиниб, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг муаммолари ўрганилди. Аҳоли мурожаатларини манзилли ҳал этиш, мавжуд муаммоларни жойида аниқлаш ва уларга амалий ечим топиш бўйича ишлар таҳлил қилинди.


Кейинги манзил — туман ички ишлар бўлими бўлди. Бу ерда ходимлар учун яратилган хизмат шароитлари, хизмат фаолиятининг ташкил этилиши ва мавжуд имкониятлар кўздан кечирилди. Туман ички ишлар бўлими бошлиғининг жиноятчиликни жиловлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича амалга ошираётган ишлари юзасидан ахбороти эшитилди.


Ўрганиш якунида ўтказилган йиғилишда аниқланган камчиликлар муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича масъулларга вазифалар топширилди. Ижро ва хизмат интизомини мустаҳкамлаш, профилактика ишларини кучайтириш, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш сифатини ошириш ҳамда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда маҳалла билан ҳамкорликни янада кучайтириш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири