“Сарой жавоҳири”дан туризм элчисигача: Тангем ўзбек ва корейс халқларини яқинлаштирган тимсол
Баъзан экранда яратилган бир образ ҳам минглаб километр масофани қисқартириб, икки халқ қалби ўртасида маънавий кўприк қуриши мумкин. Ўзбекистон ва Жанубий Корея муносабатларида ана шундай маданий кўприклардан бири – “Сарой жавоҳири” сериали ва ундаги Тангем образидир.

Ўзбек томошабинига Тангем номи билан яхши таниш бўлган машҳур жанубий кореялик актриса Ли Ён Э нафақат Корея кино санъатининг ёрқин вакили, балки Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги туризм бренди элчиси сифатида ҳам мамлакатимиз билан ўзига хос ришталарни боғлаган ижодкор.
Тангемгача бўлган йўл
Ли Ён Э 1971 йилда туғилган. У ижодий фаолиятини 1990 йилда модель сифатида бошлаган, кейинчалик реклама ва телевидение орқали кенг жамоатчиликка танилган. 1993 йилда “SBS” телеканалининг “How’s Your Husband?” сериалидаги иштироки унга актрисалик фаолиятида дастлабки катта муваффақиятни олиб келди ва у “SBS Drama Awards” мукофотида энг яхши янги актриса сифатида эътироф этилди.

Кейинчалик у телевидение билан бир қаторда кинода ҳам ўзига хос ижодий қиёфасини яратди. Айниқса, режиссёр Пак Чхан Укнинг “Бирлашган хавфсизлик ҳудуди” фильмидаги роли унинг жиддий драматик актриса сифатидаги имкониятларини намоён қилди. 2005 йилдаги “Sympathy for Lady Vengeance” картинаси эса Ли Ён Э ижодининг мутлақо бошқа қиррасини очиб берди. Ушбу фильмдаги ижроси учун актриса нуфузли “Blue Dragon” ва “Baeksang Arts Awards” мукофотларида энг яхши актриса сифатида тақдирланган. Аммо унинг номини бутун Осиёга танитган асар шубҳасиз, ўзбек томошабини яхши биладиган “Сарой жавоҳири” бўлди.

Бир сериалнинг маданий дипломатияси
2003–2004 йилларда “MBC” телеканали орқали намойиш этилган мазкур сериал Корея Республикасининг ўзида ҳам ҳақиқий маданий воқеага айланди. Сериал сарой ошхонасидаги хизматдан бошлаб, қироллик табиби даражасигача етиб борган Жанг Гимнинг мураккаб ҳаёт йўлини ҳикоя қилади.
Маълумотларга кўра, сериал мамлакатда 57 фоизлик энг юқори томошабин кўрсаткичига эришган. Асар кейинчалик Осиё, Яқин Шарқ ва Марказий Осиё мамлакатларида, жумладан, Ўзбекистонда ҳам намойиш этилди. Сериалнинг халқаро муваффақияти корейс маданияти, миллий таомлари, анъанавий тиббиёти, ханбок либослари, корейс тили ва Кореяга саёҳат қилишга бўлган қизиқишнинг ошишига сезиларли таъсир кўрсатди.

Юртимизда эса “Сарой жавоҳири” оддий хорижий телесериал даражасидан анча юқори мавқега эга бўлди. Тангем, Мин Жон Хо, Чхве хоним каби қаҳрамонлар бир авлод ўзбек томошабини учун яхши таниш образларга айланди.
Бунинг сабабларидан бири сериал мазмунида ўзбек томошабинига яқин бўлган қадриятлар – кексаларга ҳурмат, устозга садоқат, оила, меҳнатсеварлик, сабр-тоқат, адолат учун кураш ва инсон шаънини улуғлаш каби ғояларнинг устуворлигидир.

Тангемдан – Ўзбекистон туризм бренди элчисига
Ли Ён Энинг ўлкамиз билан боғлиқлиги экрандаги машҳурлик билан чекланиб қолмади. 2018 йил январь ойида Ўзбекистон томони актриса билан уни мамлакатимизнинг Жанубий Кореядаги туризм элчиси сифатида фаолият юритиши бўйича келишувга эришилганини маълум қилди. Бу ҳақда Халқаро пресс-клуб доирасидаги тадбирда ахборот берилган эди. Мазкур ташаббус Ўзбекистон туристик брендини хорижда маданият, санъат ва медиа вакиллари орқали тарғиб қилишга қаратилган янги ёндашувнинг бир қисми эди.
Бу танловда ўзига хос рамзий маъно бор эди, албатта. Чунки Ли Ён Э Ўзбекистон жамоатчилиги учун нотаниш чет эллик юлдуз эмас, балки Тангем образи орқали аллақачон миллионлаб томошабинлар меҳрини қозонган санъаткор эди. Демак, унинг номи Ватанимиз туризм бренди билан боғланиши маданий дипломатиянинг табиий давомига айланди.

Актриса кейинчалик ҳам Ўзбекистон билан алоқаларини давом эттирди. Хусусан, 2020 йилда коронавирус пандемияси ва Сардоба сув омборидаги фалокатдан сўнг Ли Ён Э ўзбек халқига махсус видеомурожаат йўллаб, ҳамдардлик ва қўллаб-қувватлашини билдирди.
Экрандан халқлар қалбига
Ўзбекистон ва Жанубий Корея муносабатларининг бугунги кўлами сиёсат, савдо-иқтисодиёт ёки инвестициялар билангина ўлчанмайди. Икки мамлакат ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкам заминида халқлар ўртасида йиллар давомида шаклланган самимий муносабат ҳам бор.

Кино ва сериаллар эса бу жараённинг энг таъсирчан воситаларидан бирига айланди. “Сарой жавоҳири” ўзбек томошабинига Корея тарихини дарслик тилида эмас, инсон тақдири орқали таништирди. Сарой маданияти, миллий таомлар, табобат, урф-одат ва инсоний муносабатлар экран орқали ўзбек хонадонларига кириб келди.
Энг муҳими, Тангем тимсолида ўзбек томошабини корейс халқининг меҳнатсеварлиги, сабр-матонати ва мақсад сари қатъият билан интилишини кўрди. Балки шунинг учун ҳам орадан йигирма йилдан зиёд вақт ўтса-да, “Тангем” номи Ўзбекистонда ҳамон илиқ хотира билан тилга олинади.

Умуман олганда, Ли Ён Энинг Тангемдан Ўзбекистон туризм бренди элчисигача бўлган йўли маданият ва туризм дипломатияси қандай уйғунлашиши мумкинлигининг ўзига хос намунасидир. Худди шу маънода, “Сарой жавоҳири”ни фақат машҳур корейс сериали сифатида эмас, балки Ўзбекистон ва Жанубий Корея халқлари ўртасидаги маданий мулоқотга ўз ҳиссасини қўшган асар сифатида ҳам эътироф этиш мумкин.
Ўткир Алимов,
ЎзА