Саноат корхоналари бошқарувида халқаро тажриба қандай самара беради?
Мамлакатимиз кимё саноатини ривожлантириш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва корхоналарда замонавий бошқарув тизимларини жорий этиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Бунда халқаро стандартлар асосида ишлаш, илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва замонавий консалтинг ёндашувларидан фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур йўналишдаги ишларни ривожлантириш мақсадида аудиторлик, бухгалтерия ҳисоби, солиқ, юридик ва консалтинг хизматларини кўрсатувчи халқаро компаниялардан бири “Ernst and Young Advisory” вакиллари “Навоийазот” АЖда бўлиб, жамият мутасаддилари билан муҳим масалалар юзасидан мулоқот ўтказди.
Учрашувда корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш, иш жараёнлари самарадорлигини ошириш, молиявий ҳисобот ва аудитнинг халқаро стандартларини амалиётга татбиқ этиш масалалари муҳокама қилинди. Шу билан бирга, корхона фаолиятини янада самарали ташкил этишда замонавий консалтинг ёндашувларидан фойдаланиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Мулоқот жараёнида саноат корхоналарида илғор халқаро тажрибани қўллаш, бошқарув жараёнларини замонавий талаблар асосида трансформация қилиш ҳамда инвестициявий жозибадорликни ошириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Томонлар бу борадаги тажриба ва экспертлик салоҳиятидан самарали фойдаланиш муҳимлигини таъкидлади.
Шунингдек, келгусида мутахассислар ўртасида тажриба ва экспертлик билимларини алмашиш, янги ҳамкорлик йўналишларини белгилаш ҳамда истиқболли ташаббусларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.
“Ўзкимёсаноат” АЖ ахборот хизматининг маълум қилишича, учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш, мавжуд мулоқотларни изчил давом эттириш ҳамда белгиланган йўналишлар бўйича амалий ҳамкорликни кучайтиришга тайёр эканликларини билдирди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА