Санъатга бахшида умр (+ видео)
Таниқли теарт ва кино актёри Фатхулла Маъсудов бу дунёни тарк этганида 57 ёшда эди. Лекин, у ўзининг ижро маҳорати ва раҳбарлик салоҳияти билан ўзбек санъати учун катта ишларни қилиб кетди. Мустақиллигимизнинг ўттиз йиллиги муносабати билан тақдирланганлар орасида севимли актёримиз борлиги барча санъат ихлосмандларини қувонтирди.
Давлатимиз томонидан истеъдодли актёр, халқимизнинг севимли санъаткори Фатхулла Маъсудов “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланди. Севимли актёримизнинг фарзандлари Абдуллоҳ Маъсудов отасининг орден билан мукофотлангани ҳақидаги хабарни ва онаси билан бўлиб ўтган суҳбатни шундай ҳикоя қилади.
- Менинг отам ҳам тақдирланишини кутмагандим. Кўчада эдим, онам телефон қилдилар:
- Болам қаердасан?
- Пастдаман онажон десам, тез уйга чиқ, - дедилар. Нимага десам, кўргим келаяпти сени, - дедилар яна. Уйга чиққунимча ҳар-хил хаёлларга бордим. Чиқсам йиғлаб ўтирган эканлар. Мени кўриб, қарагин деб, телефонни узатдилар. Қарасам, Маъсудов Фатхулла Ҳусанович “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланди деган ёзув бор экан. Очиғи биз буни кутмагандик, биз билмагандик. Меҳнатлари ҳалигача қадрланаётганига Президентимизга ўз миннатдорлигимизни билдириб қоламан.
Фатхулла Маъсудовнинг ижоди Ўзбек Миллий Академик театри билан чамбарчас боғлиқ. Чунки, у ўзининг севимли Миллий театрида режиссёр ёрдамчиси бўлиб иш бошлаган. 1988 йилдан эса актёр сифатида театр ва кинода фаолият юритиб турли асар қаҳрамонларини жонлантирди. Энг муҳими актёрлик маҳорати ва овози билан миллионлаб мухлислар орттирди.
Дубляж соҳасида ҳам самарали меҳнат қилди. Унинг ўзига хос овозидан дубляж режиссёрлари унумли фойдаланишган. Бунинг натижасида Фатхулла Маъсудов 500 дан ортиқ фильмларга овоз берган. Дунёнинг машҳур актёрлари саналмиш Амирхон ва Шоҳруҳхон ижросидаги образларга овоз бериши орқали кино ихлосмандлари машҳур фильм қаҳрамонларини Фатхулла Маъсудов овози орқали яхши билишади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/xb8YgayeN1c" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>- Нафақат менинг отамга балки, барча марҳум санъаткорларга кўрсатилган ҳурмат учун уларнинг ҳам оила аъзолари номидан раҳмат айтаман, - дейди Фатхуллар Маъсудовнинг ўғли Абдуллоҳ.
Севимли актёримизнинг меҳнатлари ўз вақтида давлатимиз томонидан эътироф этилган. Чунки, у нафақат санъаткор балки, жонкуяр ташкилотчи, ўз ходимларига меҳрибон раҳбар ҳам эди. Актёр 1999 йили “Шуҳрат” медали билан тақдирланади. 2003 йили эса “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвони берилади. 2014 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тадирланган эди.
Фидоийлик, ўз касбига садоқат ва халқ хизматида бўлиш буюк ва унутилмайдиган фазилат. Мустақиллигимизнинг ўттиз йиллиги муносабати билан Фатхулла Маъсудовнинг “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланиши унинг оила аъзоларига, минглаб мухлисларига қувонч бағишлаган бўлса ажаб эмас.