СамДУ профессори Хитойнинг нуфузли TYSP халқаро дастури ғолиби бўлди
Ўзбекистон илм-фани вакилларининг халқаро майдондаги ютуқлари тобора ортиб бормоқда. Хорижнинг нуфузли илмий дастурларида эришилаётган муваффақиятлар мамлакат олимларининг салоҳияти ва маҳаллий илмий мактабларнинг халқаро эътирофини яна бир бор тасдиқлайди.
Ана шундай муваффақиятлардан бирига Самарқанд давлат университети Биокимё институти профессори Хуршид Бозоров эришди. Олим Хитой Халқ Республикаси Фан ва технологиялар вазирлиги (MOST) томонидан молиялаштириладиган нуфузли Talented Young Scientist Program (TYSP) халқаро дастури ғолиби бўлди.
Ушбу ташаббус Хитойнинг энг нуфузли илмий мобиллик ва халқаро ҳамкорлик дастурларидан бири бўлиб, унда иқтидорли хорижлик олимлар мамлакатнинг етакчи университетлари ҳамда тадқиқот марказларида илмий изланишлар олиб бориш учун саралаб олинади. Иштирокчилар глобал илмий жамоалар билан ҳамкорлик қилиш, илғор тажрибаларни ўзлаштириш ва қўшма тадқиқотларни амалга ошириш имкониятига эга бўлади.
Эътиборлиси, профессор Хуршид Бозоров Самарқанд давлат университети тарихида ушбу нуфузли дастурда ғолиб чиққан илк олимга айланди.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА