Самарқандлик фаол ижодкорлар тақдирланди
Самарқандда “Энг улуғ, энг азиз” республика анъанавий кўрик-танлови вилоят босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.
Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳамкорлигида Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз икки йиллигига бағишлаб “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!” деган бош ғоя асосида ташкил этилган бу йилги танловда самарқандлик шоир ва ёзувчилар, журналистлар, рассом ва дизайнерлар, санъаткорлар юздан ортиқ ижодий ишлари билан қатнашди.
[gallery-13262]
Ижодий ишлар нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан кўриб чиқилиб, “Ёзувчи ва шоирларнинг энг яхши бадиий асарлари, журналистларнинг публицистик нашрлари”, “Босма ОАВ ходимларининг ижодий ишлари”, “Телевидение ва радио ижодкорларининг материаллари”, “Тасвирий санъат, фото асарлари ва дизайн ишлари” ҳамда “Санъаткорларнинг юртни мадҳ этувчи куй-қўшиқлари”, “Интернет-журналистика материаллари” номинациялари бўйича 17 нафар ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Р.Қобилов ғолибларини табриклаб, уларнинг заҳматли меҳнатларини эътироф этди.
– Вилоятимизда кечаётган ислоҳотлар жараёнлари, шаҳар ва қишлоқларимизнинг ўзгариб бораётган қиёфаси, одамлар турмуш-тарзидаги янгиликлар ҳақидаги кўрсатув ва лавҳаларимиз эътироф этилганидан хурсандмиз, – дейди Самарқанд вилояти телерадиокомпанияси мухбири Лутфулла Шомуродов. – Бу ўзгариш ва янгиланишларни ёритиб бориш – бизнинг вазифамиз. Бундан ўзимиз ҳам завқланамиз, томошабинлар янгиликлардан воқиф бўлади. Куни кеча вилоятимизга давлатимиз раҳбари ташриф буюриб, Самарқандни янада ривожлантириш бўйича вазифаларни белгилаб берди. Ушбу вазифаларнинг қандай ижро этилаётгани кейинги дастурларимиз бош мавзуси бўлади.
Танлов ғолибларига ташкилий қўмита томонидан диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА.