Самарқандда халқаро экологик кўргазма бўлади
Шу йилнинг 2-4 июнь кунлари Самарқанд шаҳридаги “Silk Road Samarkand” мажмуаси экспомарказида Глобал экологик фонд (GEF)нинг VIII Ассамблеяси доирасида “Eco Expo Central Asia 2026” халқаро кўргазмаси ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда “Business Congress Management” компанияси ҳамкорлигида ташкил этилаётган кўргазма экологик барқарорликни мустаҳкамлаш, “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш, инновацион экологик технологияларни жорий этиш ҳамда барқарор ривожланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган.
Ташкилотчиларнинг қайд этишича, ўтган йил Тошкент шаҳрида ўтказилган “Eco Expo Central Asia 2025” халқаро кўргазмаси Марказий Осиёда соҳага оид илк йирик экологик кўргазма бўлган ва унда қарийб 7,5 минг нафар маҳаллий ва хорижий иштирокчи қатнашганди. Бу йилги кўргазмада эса 10 мингга яқин маҳаллий ва чет эллик иштирокчи, Глобал яшил ўсиш институти (GGGI), Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки каби етакчи халқаро ташкилотлар қатнашиши кутилмоқда.
Кўргазма доирасида экологик маҳсулот ва хизматларга бағишланган 68 дан ортиқ павильон ташкил этилади. Бу павильонларда юртимиздаги Навоий ва Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинатлари, АКFА, Жиззах аккумулятор заводи, “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти, шунингдек, хорижий компаниялар – Vision Invest (Саудия Арабистони), SUEZ (Франция), Cevia Environment (Хитой Халқ Республикаси), KOMOTO (Япония), EPSOY (Финландия), Siberian Wellness (Россия), Bell energy (БАА), Oizom Instruments (Ҳиндистон) ва бошқа корхона, ташкилотлар ўз маҳсулот ва хизматларини намойиш этади. Экоинноваторларнинг инновацион ишланмаларини намойиш этиш мақсадида Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатларининг стартап лойиҳалари учун қўшимча 20 та павильон ташкил қилинади.
Кўргазма доирасида “яшил” энергетика, чиқиндиларни қайта ишлаш, сув ресурсларини бошқариш, иқлимга мослашув ва барқарор ривожланиш масалаларига бағишланган 50 дан ортиқ сайд-ивентлар, тематик форумлар, тақдимотлар ва мулоқот майдончалари ташкил этилиши режалаштирилган.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири