Самарқанд вилоятидаги олий таълим ташкилотлари фаолияти такомиллаштирилади
Ўзбекистон Республикаси Президенти “Самарқанд вилоятидаги олий таълим ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Мазкур қарор Самарқанд вилоятидаги олий таълим ташкилотларининг мавжуд ресурсларидан самарали фойдаланиш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, замонавий билим ва кўникмаларга эга юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, ижтимоий сохд ва иқтисодиёт тармоқларида олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжни халқаро стандартларга мувофиқ қоплаш имконини беради.
Мақсад Самарқанд вилоятидаги олий таълим ташкилотларида кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, ҳудудда муҳандислик, ахборот технологиялари, педагогика ва иқтисодиёт соҳалари бўйича замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган олий маълумотли мутахассислар тайёрлашни янада ривожлантириш ҳисобланади.
Қарорга кўра, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университети негизида Самарқанд давлат техника университети ташкил этилади. Шунингдек, Самарқанд давлат университетига Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиалини қўшиб олинади, Самарқанд давлат педагогика институтига Самарқанд давлат университети Ургут филиалини қўшиб олиш ҳамда мазкур филиал базасида Самарқанд давлат педагогика институтининг Ургут факультети фаолияти йўлга қўйилади.
Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтига Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиалини қўшилади.
Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университетининг талабалари ўқишини Самарқанд давлат техника университетида;
Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиали ҳамда Самарқанд давлат университети Ургут филиали Бизнесни бошқариш ва табиий фанлар факультетининг талабалари ўқишини Самарқанд давлат университетида;
Самарқанд давлат университети Ургут филиалининг Педагогика ва тилларни ўқитиш факультети талабалари ўқишини Самарқанд давлат педагогика институтининг Ургут факультетида;
Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиалининг талабалари ўқишини Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида давом эттиради ҳамда белгиланган тартибда ўқиш якуни бўйича уларга мазкур олий таълим ташкилотларининг дипломи берилади.
Самарқанд давлат университети Ургут филиали Бизнесни бошқариш ва табиий фанлар факультетининг 2025/2026 ўқув йилида таҳсил олаётган талабаларига ўқишини тугатгунга қадар Самарқанд давлат педагогика институтининг Ургут факультети биносида таълим олиш имконияти яратилади.
2026/2027 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича "Эл-юрт умиди" жамғармаси билан биргаликда мазкур қарорда кўзда тутилган олий таълим ташкилотларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан профессор-ўқитувчилар ва докторантлари хорижий давлатларнинг етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотларига малака ошириш ва илмий стажировкага юборилишини таъминлайд.
2027/2028 ўқув йилидан бошлаб Самарқанд давлат техника университетида Интеллектуал сув технологиялари илғор муҳандислик мактаби фаолиятини ташкил этилади.
Ҳудуддаги саноат корхоналарининг эҳтиёжларига мувофиқ босқичма-босқич муҳандислик ва ишлаб чиқариш технологиялари соҳалари бўйича янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади.
ЎзА