Саккиз ойда электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 8,7 фоизга ортди
2026 йилнинг январь-август ойларида Ўзбекистонда 62,8 миллиард кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Энергетика вазирлиги ахборот хизмати маълумотларига кўра, бу ўтган йилнинг мос давридаги кўрсаткичдан 5 миллиард кВт⋅соат ёки 8,7 фоизга кўп.
Мазкур ҳажмнинг асосий қисми иссиқлик электр станциялари ҳиссасига тўғри келган бўлиб, улар томонидан 44,5 миллиард кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Катта қувватли қуёш ва шамол электр станциялари 9,1 миллиард кВт⋅соат, гидроэлектр станциялари эса 6,2 миллиард кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарган.
Кичик қувватли қуёш панеллари (Rooftop) орқали 2,3 миллиард кВт⋅соат, блок-станциялар ҳиссасига эса 689,3 миллион кВт⋅соат электр энергияси тўғри келди.
Бу даврда электр энергиясига бўлган ички талаб ҳам ошган. Республика истеъмоли 61,4 миллиард кВт⋅соатни ташкил этиб, 2025 йилнинг январь-август ойларидаги кўрсаткичдан 3,6 миллиард кВт⋅соат ёки 6,2 фоизга юқори бўлди.
Электр энергияси экспорти 3,1 миллиард кВт⋅соатга етди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 753 миллион кВт⋅соат ёки 31,7 фоиз кўп. Импорт ҳажми эса 1,7 миллиард кВт⋅соатни ташкил қилди ва бир йил аввалги кўрсаткичдан 669,8 миллион кВт⋅соат ёки 28 фоизга камайди.
Август ойида электр энергияси ишлаб чиқариш суръати янада юқори бўлди. Бир ой давомида мамлакатда 8,4 миллиард кВт⋅соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу 2025 йил август ойидаги кўрсаткичдан 1,1 миллиард кВт⋅соат ёки 14,4 фоизга кўпни ташкил этган.
Шу билан бирга, август ойида республикада электр энергияси истеъмоли ҳам 8,4 миллиард кВт⋅соатни ташкил этди. Мазкур кўрсаткич ўтган йилнинг август ойига нисбатан 953,9 миллион кВт⋅соат ёки 12,7 фоизга ошган.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА