Саида Мирзиёева Туркия таълим масканлари тажрибаси билан танишди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Истанбулга ташрифи доирасида Нажмиддин Билол Эрдоған ҳамроҳлигида Ибн Халдун университети ва "Yenidogu" мактабида бўлди.

Ташриф доирасида томонлар билим сифати, ёшларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш ва мустақил фикрлашини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратадиган ўқув муассасаларининг таълим ёндашувлари билан танишди.
Саида Мирзиёеванинг сўзларига кўра, Туркия тажрибаси икки мамлакат таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришда янги истиқболларни очишга ёрдам беради. Томонлар тажриба алмашиш ва ўқувчи, талаба, ўқитувчилар учун қўшимча имкониятлар яратиш бўйича келишувларга эришди.
— Таълим соҳаси давлатларимиз ўзаро ҳамкорлигининг муҳим йўналишларидан. Бу борада амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ёшларга таълим олиш, салоҳиятини рўёбга чиқариш ва тенгдошлари билан билим-тажриба алмашишга ёрдам беради, - дейди Саида Мирзиёева.
Азиза Алимова, ЎзА