"The Wall Street Journal" нашри хабар беришича, Москва ва Теҳрон ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик ҳамда разведка маълумоти алмашиш жараёни янги босқичга кўтарилди. РФ Ислом Республикасига АҚШнинг минтақадаги кучларини аниқ нишонга олишда кўмаклашиш учун сунъий йўлдош тасвири ва такомиллашган дрон технологияси тақдим этмоқда. Маълумотга кўра, бундай шериклик Эроннинг Америка радар тизимига зарба бериш имконини кенгайтирган.
Шунингдек, Кремль Эроннинг "Shahed" дронини такомиллаштириш учун зарур маҳаллий бутловчи қисмлар етказиб бермоқда. Натижада ушбу русумдаги ўзи учар учоқларнинг алоқа ва бошқарув салоҳияти, нишонни уриш аниқлиги сезиларли даражада яхшиланган. Гарчи, асли Эрон ишланмаси бўлса-да, Россия аллақачон ушбу қурилманинг ўзлаштирилган турларини ишлаб чиқармоқда.
Ғарб экспертлари фикрича, Москва минтақадаги беқарорлик ва уруш чўзилишидан манфаатдор, чунки айни жараён руслар учун ҳам иқтисодий, ҳам ҳарбий фойда келтиради. Масалан, энергия бозоридаги ўзгариш туфайли РФ нефтига қўйилган айрим чекловлар вақтинча юмшатилган. Оқ уй Россиянинг Эронга бераётган ҳарбий кўмаги умумий вазиятга жиддий таъсир кўрсатмаётганини таъкидламоқда, Кремль эса ҳозирча бу мавзуга расмий муносабат билдиргани йўқ.
Ф. Яхшибоева, ЎзА