Риштоннинг кулолчилик санъати янада ривожланмоқда
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Фарғона вилоятида бўлиб, Риштон туманида янги бунёд этилган кулолчилик мажмуаси фаолияти билан танишди.
Президентимиз таъкидлаганидек, Фарғона вилоятининг ўзида миллий ҳунармандчиликнинг қандай машҳур брендлари бор. Бу ҳақда гапирганда, Марғилоннинг камалакдек товланадиган машҳур атлас ва адрасларини, Риштоннинг бетакрор кулолчилик санъатини, Қўқоннинг ёғоч ўймакорлиги ва наққошлик мактабларини, ўйлайманки, ортиқча таърифлаб ўтиришнинг ҳожати йўқ.
Фарғонага келган хорижлик сайёҳ ёки меҳмон албатта, Риштон туманига ташриф буюради. Чунки бу ернинг уста ҳунармандлари томонидан тайёрланаётган кулолчилик маҳсулотлари ҳар қандай кишини мафтун этади. Риштонлик кулоллар томонидан тайёрланган маҳсулотлар ўзининг дизайни, табиий ранги ва қалампир нусхали нақшларга бойлиги билан ажралиб туради. Айни кунларда 500 дан ортиқ кулоллар боқий анъаналарни давом эттириб келмоқда. Албатта, ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш, уларга шароитлар яратиш муҳим вазифалардан биридир. Қисқа вақт ичида қуриб битказилган кулолчиликка ихтисослашган мазкур марказ миллий ҳунармандчилигимизни ривожлантириш, халқаро миқёсда тарғиб этишга қаратилаётган эътибор ифодасидир.
[gallery-961]
Миллий ва замонавий меъморчилик анъаналари уйғунлашган Риштон кулолчилик мажмуаси 20 нафар кулол-ҳунарманд учун икки қаватли (шундан биринчи қавати устахона ва савдо дўкони) кулолчилик хонадонлари, музей-галерея ва банк хизматлари марказини ўз ичига олади.
1,1 гектар ер майдонидан иборат мажмуани барпо этишда Ўзсаноатқурилишбанк қошидаги “SQB Capital” компанияси томонидан қарийб 20 миллиард сўмлик бунёдкорлик ишлари бажарилди. Мажмуани барпо этиш жараёнида риштонлик ҳунармандлар, хусусан, уста кулоллар билан маслаҳатлашиб, иш олиб борилди. Натижада ҳар бир кулолчилик хонадони ўзига хос меъморий ечимга эга бўлиб, ҳунарманднинг услуби ифодасини топди. Мажмуа ишга туширилиши билан 230 га яқин янги иш ўринлари яратилиши ҳамда ҳунармандлар томонидан яратилган нодир маҳсулотлар хорижга экспорт қилиниши кўзда тутилган. Шу билан бирга, бу ерда кўргазма-музей ҳам ташкил этилмоқда. Бу ердан келган киши миллий амалий санъатимиз намуналари билан танишиш, қолаверса, кулолчилик асарларини яратилишини кузатиш имкониятига эга бўлади. Ҳозирда мажмуада қурилиш ишлари якунига етган бўлиб, ҳунармандлар ўз фаолиятини бошлаш арафасида турибди.
Мажмуага ёндош “Хўжа Рушноий” тарихий ёдгорлиги мажмуаси ҳам капитал таъмирланиб, кўркам қиёфа касб этди. Меҳмонлар дастлаб бу ерда зиёратда бўлиб, Қурьон тиловат қилинди.
Бош вазир ўринбосари Сардор Умурзоқов Риштон кулолчилик мажмуасида ҳунармандлар билан мулоқотда бўлди, уларни қийнаётган муаммолар билан қизиқди. Кулолчилик санъатини ривожлантириш мақсадида “уста-шогирд” анъанасини йўлга қўйиш, бу ерда барча инфратузилмани яратиш, сайёҳларни кўпроқ жалб этиш лозимлиги таъкидланди. Шунингдек, кулолчилик маҳсулотларининг экспорти географиясини кенгайтириш, мажмуада хорижлик сайёҳлар учун қулайликлар яратиш бўйича масъулларга топшириқлар берди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистон Бадиий академияси академиги Шарофиддин Юсупов, Алишер Назировлар ҳунармандларга кўрсатилаётган эътибор учун миннатдорлик билдирди.
М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат), ЎзА