Риштон кулолчилиги Америкада намойиш этилмоқда
Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси ва Риштон тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида Вашингтон шаҳрида «Риштон кулолчилиги: Марказий Осиё кулолчилик санъатининг гавҳари» номли кенг қамровли кўргазма ташкил этилди.
Кўргазманинг энг аҳамиятли натижаларидан бири — АҚШ пойтахти Вашингтонда ўзбек кулолчилигининг доимий кўргазма зали очилгани бўлди. Очилиш маросимида 500 дан ортиқ америкалик рассомлар, йирик санъат коллекционерлари, бизнес ва ҳукумат вакиллари, жумладан, АҚШ Президентининг махсус ёрдамчиси Николас Берлинер ҳам иштирок этди.

Вашингтоннинг машҳур «DC Clay Center» кулолчилик марказида риштонлик уста Бунёд Юнусов бошчилигида маҳорат дарслари ўтказилди. Унда америкалик кулолларга чархда Риштон идишлари шаклини яратиш техникаси, идишларни бўяш ва ўзига хос миллий нақшлар билан безаш сирлари ҳамда табиий гиёҳлардан (ишқор) пигментация бўёқларини тайёрлаш усуллари намойиш этилди.

Кўргазма доирасида АҚШ ташкилотлари билан биргаликда Риштон кулолчилик маркази негизида махсус ижтимоий дастурни жорий этиш бўйича келишувга эришилди.
Мазкур кўргазма нафақат маданий, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам самарали бўлди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА