Рим глобал саммити: Ўзбекистон ёшлари дунё озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича ечимлар таклиф этди
Италия пойтахти Рим шаҳрида БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ҒАО) бош қароргоҳида "Жаҳон озиқ-овқат форуми-2026" бўлиб ўтди. Барқарор, инклюзив ва иқлим ўзгаришига чидамли агро озиқ-овқат тизимини барпо этишга қаратилган ушбу йирик анжуманда Ўзбекистон ёшлари делегацияси ҳам фаол иштирок этди.
Тадбирда ҒАО тузилмасининг мамлакатимиздаги вакили ўринбосари Шерзод Умаров бошчилигида давлат ташкилотлари ходимлари, ёш мутахассислар ва WFF – “World Food Forum” Ўзбекистон миллий ёшлар платформаси вакиллари ҳам қатнашди. Улар агро озиқ-овқат тизимини ривожлантиришга бағишланган халқаро муҳокамаларда миллий тажриба ва ташаббуслар тақдим этиб, хорижий ҳамкорлар билан тажриба алмашди.

Анжуман доирасидаги Глобал ёшлар форуми очилиши маросимида дунё бўйлаб 35 янги миллий ёшлар платформаси фаолияти расман йўлга қўйилиб, фаолларга сертификатлар топширилди.
WFF тармоғи бугунги кунда дунё бўйлаб 100 дан зиёд миллий платформани бирлаштирган. Мазкур тузилма таркибида 2025 йил ташаббускор ёшлар таклифи, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва ҒАО кўмагида ташкил этилган Ўзбекистон миллий ёшлар платформаси Марказий Осиёдаги илк шундай жамоа ҳисобланади. Форум давомида ушбу платформа координатори Шавкат Холдоров ва бошқа ёшлар етакчилари озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича маҳаллий ташаббусларни муҳокама қилдилар.
Ёш чорвадорлар муаммоси
Тадбир доирасида ҒАО Европа ва Марказий Осиё ҳамда Осиё ва Тинч океани минтақавий ваколатхоналари томонидан ёш чорвадорлар келажагига бағишланган минтақалар аро мулоқот ташкил этилди.
Ўзбекистон, Қозоғистон, Мўғулистон, Непал ва Бутан вакиллари иштирок этган мулоқотда Халқаро қишлоқ хўжалиги университети Ижтимоий сиёсат лабораторияси бош мутахассиси Аҳмаджон Нуруллаев юртимизда ўтган миллий маслаҳатлашув натижасини тақдим этди. Сўровнома рақамлари соҳа ривожи йўлида эътибор талаб этадиган муҳим масалалар аҳамиятини таъкидлайди:
71 % ёш чорвадор чорвачиликда маҳсулдорлик пасайганини айтган;
58 % респондент чорва моллари нобуд бўлиши билан боғлиқ йўқотишга дуч келган;
70 % иштирокчи учун сув манбаси, ветеринария хизмати ва бозордан фойдаланиш имконияти чеклангани асосий тўсиқ сифатида қайд этилган.
Бундан ташқари иқлим ўзгарувчанлиги, мавсумий кўчиб юришдаги чеклов ҳамда яйловдан фойдаланиш ҳуқуқи етарли даражада кафолатланмагани ёш чорвадорлар даромадига салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидланди.

Ўзбекистондан амалий таклиф
Юзага келган муаммоларга жавобан вакилимиз томонидан ёш чорвадорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган минтақавий дастур ишлаб чиқиш таклиф этилди. Ушбу ташаббус қуйидаги муҳим йўналишларни қамраб олади:
– Жамоалар иштирокида яйловдан фойдаланиш режасини ишлаб чиқиш ва ҳуқуқий асосни мустаҳкамлаш. Сув, ветеринария ва молиялаштириш хизматидан фойдаланиш имкониятини яхшилаш. Қарор қабул қилиш жараёнида ёш аёллар ва эркаклар расмий иштирокини таъминлайдиган синов лойиҳасини йўлга қўйиш.
– Қурғоқчилик ҳақида маълумот алмашиш ва яйлов ҳолатини кузатиш бўйича минтақавий ҳамкорлик ўрнатиш.
Мазкур таклифлар БМТ Бош Ассамблеяси томонидан эълон қилинган “2026 йил – Халқаро яйлов ва чорвадорлар йили” доирасидаги саъй-ҳаракатга тўлиқ мос келади.
Форум доирасида қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҒАО тизимида малака ошираётган ёшларимиз билан учрашди.
Мулоқот давомида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, иқлим ўзгаришига мослашиш, инновацияни амалиётга жорий этиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Мулозим ёш мутахассисларни илғор ечимларни ўрганиб, мамлакатимиз шароитига мослаштириш орқали соҳани ривожлантиришга ҳисса қўшишга чақирди.
Ўзбекистон ёшларининг Жаҳон озиқ-овқат форумидаги фаол иштироки мамлакатимизнинг дунё бўйлаб аграр ислоҳотлар жараёнидаги фаоллигини намоён этди. Илгари сурилган ташаббуслар, муҳокама қилинган мавзулар нафақат мамлакатимиз, балки бутун Марказий Осиё минтақасида барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор вазифасини ўташи шубҳасиз.
Фардона Яхшибоева, ЎзА