Рамазон ҳайити – меҳр оқибат байрами
Эртага халқимиз учун улуғ айём – Рамазон ҳайити байрами.
Эртага халқимиз учун улуғ айём – Рамазон ҳайити байрами. Шунинг учун бу кунни яқинларимизни ҳеч бўлмаса телефон орқали йўқлаб, муҳтожларга меҳр-мурувват кўрсатиш билан ўтказиш мақсадга мувофиқ.
Ҳар йили муҳтарам Президентимизнинг “Муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарори эълон қилинади. Мазкур қарор халқимизнинг кайфиятига янада кўтаринкилик бағишлайди.
Рамазон ойини қандай ихлос, ғайрат ва сабр билан ўтказган бўлсак, бу байрамни ҳам ундан-да аълороқ, ундан-да файзлироқ қилиб ўтказишимиз керак бўлади. Бу байрамнинг биринчи кунини дам олиш куни, деб эълон қилиниши унинг файзини, шарафини, тароватини янада ошириб юборади. Ҳайитнинг мазмун-моҳиятида кўнгилларга хушнудлик, севинч, жисмга роҳат бағишлаш, дўстлар, яқинлар ўртасида муҳаббат, қариндошлар, қардошлар орасида меҳр ришталарини янгилаш, кишиларни бир-бирларига ёрдам ва саховат кўрсатишга чорлаш мужассамдир.
Одатда байрамларда жамият ахлоқи, истак ва майллари, урф-одатлари ҳар қачонгидан қалқиб, бўртиб кўринади. Шу боис, Рамазон ойи давомида бўлгани каби ҳайит арафасида ҳам меҳр-муҳаббат, ўзаро ёрдам, саховат ва ҳаё, етим ва ҳожатмандлар ҳолидан хабар олиш, кексаларни қадрлаш ва ҳурматларини жойига қўйиш, ота-оналарга ҳар қачонгидан кўра эътибор кўрсатиш, умуман инсонлар ўртасида меҳр-оқибатни янада кучайтириш талаб этилади.
Сардоба сув омборидаги техноген вазият бутун Ўзбекистон аҳлини оёққа қўйди. Сув тошқинидан жабрланганларни қўллаб-қувватлашга бел боғлаган саховатпеша инсонлар давлат ва жамоат ташкилотларининг саховат карвонлари Сирдарёга йўл олди.
Аввало, Ўзбекистон Республикаси Президентидан сув тошқинида зарар кўрган 4,5 мингга яқин хонадон эгаларининг ҳар бири учун 3 та массивда қуриладиган 2 минг 640 квартирали 66 та 5 қаватли уй, ҳар бир хонадон эгаларига 40 миллион сўмлик моддий ёрдам, 6 турдаги уй-рўзғор маиший техникаси учун сертификатларнинг топширилиши оталарча ғамхўрлик бўлди.
Дарҳақиқат, инсон борки ўзини бошқалардан беҳожат ҳис қила олмайди. Шундай экан, бу улуғ кунларда бошқа инсонлардан хабар олиб, муҳтожларга қўлдан келганча ҳам маънан, ҳам моддий кўмак бериб, уларнинг кўнгилларига ҳам хурсандчилик ва байрамона кайфият киритиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Айниқса, асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов Сирдарё вилоятининг Сардоба туманидаги тошқин оқибатида жабр кўрган аҳолига кўмак бериш учун 15 миллион АҚШ доллари миқдорида хайрия маблағини ажратиб, минглаб ватандошларининг эътирофига сазовор бўлди.
Дарҳақиқат, сув тошқини юз берган куннинг эртасигаёқ бошланган хайр-саховат тадбирларидан республикамизнинг барча вилоятлари, вазирликлар, ташкилот ва идоралар, ННТлар, ёзувчи ва шоирлар, спортчилар, санъаткорлар ва албатта оддий одамлар ҳам четда қолмади.
Юртимизда тинчлик осойишталик ҳукм сурмоқда. Бу тинчликнинг қадрига етмоғимиз, уни асраб авайлаш учун ҳар биримиз ҳаракат қилмоғимиз лозим. Чунки бу доруломон кунларга ўз-ўзидан эришилаётгани йўқ. Мана шу ҳақиқатни ҳар биримиз теран англамоғимиз, уни ўсиб келаётган ёш авлод онгига чуқур сингдириш ёш авлодимизни Ватанга муҳаббат, буюк аждодларимиз анъаналарига садоқат, ҳалоллик, поклик, маънавий-ахлоқий баркамоллик руҳида тарбиялашдек эзгу мақсадлар йўлида барчамиз ҳамкор ва ҳамжиҳатликда астойдил ҳаракат қилмоғимиз лозим. Муҳтарам юртбошимизнинг ўртага ташлаган “Ўз болангни ўзинг асра!” шиорларини дастуруламал қилган ҳолда, фарзандларимизга биргаликда тўғри тарбия бериб, келажаклари учун қайғуриб яшайлик.
Шу ўринда ҳайит арафасида қайта-қайта такрорланадиган яна бир гапни эслатиб ўтмоқчимиз: ҳайит – баъзи жойларда бўлаётганидай азахонлик, таъзияхонлик маросими эмас. Ушбу шодиёна кун ҳаммамизга ардоқли ота-оналаримиз, қавм-қариндошларимиз, улуғларимиз билан бўлиб уларнинг дуоларини олиш, бетоб, муҳтож, диндошларимиз, умуман барча инсонлар ҳолидан хабардор бўлиш, ёрдамга муҳтож кишиларга қўлидан келганича хайр-саховат кўрсатиш, бир-бирларимизни ҳайит билан муборакбод этиш, эски гина-кудуратларни унутиб, инсоний муносабатларни тиклаб олиш байрам кунларидаги энг муҳим вазифаларидан саналади.
Ғайбулла ЮСУПОВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
Сирдарё вилояти бўлими раҳбари