Иккинчи жаҳон уруши. Дунё тарихида чуқур ва совуқ из қолдирган бу жанг миллионлаб одамларнинг бошига кулфат ёғдирди.
Қанчадан-қанча навқирон йигитларнинг умрига зомин бўлди, минглаб болаларнинг етим бўлиб қолишига, муштипар оналарнинг фарзанд доғида куйишига сабаб бўлди.
Бу қонли жанггоҳлар сари икки миллионга яқин юртдошимиз мардонавор йўл олди. Улар ўлим хавф солиб турган вазиятда жасорат ва матонат билан душманга тик бориб, шонли ғалабага муносиб ҳисса қўшдилар. Аммо урушда қатнашганларнинг ҳаммасига ҳам она юртига, ота-онаси бағрига қайтиш насиб қилмади – уларнинг 500 мингдан ортиғи қаҳрамонларча ҳалок бўлди, қанча одам бедарак кетган, қанча-қанча инсонлар майиб-мажруҳ бўлиб қайтган. Бу рақамлар халқимизнинг фашизм устидан қозонилган ғалабага қандай улкан ҳисса қўшганини кўрсатади.
Юртимизда Иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари ва меҳнат фахрийларини асраб-авайлашга, қадрлаш ва эъзозлашга алоҳида эътибор қаратилади. Йиллар ўтгани сари сафимизда умргузаронлик қилаётган уруш қаҳрамонлари сони, минг афсуски, камайиб бормоқда. Улар билан яқиндан суҳбат қуриб, уруш майдонларидаги хотиралари билан ўртоқлашар экансиз, уруш нақадар даҳшатли бўлганини ҳис қиласиз. Жанггоҳ манзараларини кўз ўнгингизга келтириб, бугунги осойишта, тинч-фаровон ҳаётимизнинг қадрини янада теранроқ англайсиз.
16 ёшида урушга кетиб, улкан ғалабага ҳисса қўшиб, уйига саломат қайтган Раҳим ота Илёсов бу йил 96 ёшни қарши олди. Ҳозир фарзанду набиралари, эваралари ардоғида, давлат эътиборида умргузаронлик қилаётган отахон бешафқат уруш хотираларини алам билан эслайди.
– Кўчамизда болалар билан копток тепиб юрардик. Жаҳон уруши бошланиб, кетма-кет чақирув хатлари кела бошлади. Кўчамиздан 10 нафар йигит урушга кетдик. Бизнинг оиламиздан мен ва 19 ёшга кирган Ғиёсжон акам урушда иштирок этиш учун жўнадик. Онам бечора қон йиғлаб, бизга йўлда ейиш учун талқон қилиб берган эди. Москвага бордик, ўқчи полкида жангга киришдим. Москва, Сталинград шаҳарлари мудофааси жанггоҳларида фашизмга қарши курашда матонат билан иштирок этдим. Жанг майдонларида не кунларни бошдан кечирмадик. Кўчамиздан кетганлар орасида икки киши омон қайтдик. Бошқаларга юртга қайтиш насиб қилмади. Бу кунларни биз кўрдик, бошқа ҳеч ким кўрмасин.
Дарҳақиқат, бир оиладан икки навқирон ўғилнинг уруш майдонларига кетиши онаизор учун нақадар оғир. 8 фарзандни ёлғиз тарбия қилаётган муштипар она икки паҳлавон ўғлини урушга жўнатиб, рўзғор ташвиши бошида қолди. Бир йилдан сўнг катта ўғли Ғиёсжондан қора хат келди. Онахоннинг юраги парча-парча бўлиб, фарёд кўтарди. Аммо қалби тубида биргина илинжи, ёлғиз умиди бор эди. Кичкина ўғли Раҳимжоннинг эсон-омон қайтишини интизорлик билан кутар, кечалари ухламасдан дуо қиларди. Дуолари ижобат бўлиб, Раҳимжон қонли жанггоҳлардан омон қайтди.
Бугун Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида истиқомат қилаётган отахон урушдан қайтгандан кейинги ҳаётини хотирлар экан, колхозда табелчи бўлиб ишлагани, бир муддат сотувчилик ҳам қилгани, кейин уйланиб, шофёрликка ўқиганини айтади. Узоқ йиллар юк ташиш машинасида турли ҳудудларга юк ташиган. Умр йўлдоши раҳматли Маъсудахон ая билан бир ўғил ва уч қизни эл хизматига камарбаста инсонлар этиб тарбиялади. Бугун эл-юрт эътибори ва ғамхўрлигидан мамнун бўлиб, фарзандлари, набиралари, эваралари қуршовида умргузаронлик қилмоқда.
Отахоннинг ҳовлисидаги томорқада бир қарич бўш ернинг ўзи йўқ. 100 ёшга қараб кетаётган отанинг юрагида ғужури, меҳнат иштиёқи ёниб турибди. Раҳимжон ота турли мевали дарахтлар, янги ниҳоллар парваришида, полиз экинларини экишда фарзандлари ва набираларига бош-қош. Ердан унумли фойдаланишни, бугунги тинч ва осуда ҳаёт, мусаффо осмон, тўкинлик ва фаровонликка шукрона айтиб яшашни ўргатишдан, тинмай такрорлашдан чарчамайди.
Раҳимжон ота сингари боболаримизнинг мардлиги, қаҳрамонлиги, жасоратию матонати, метин иродаси, шукрона билан яшаши ёш авлод учун катта ибрат мактабидир. Ота зиёратидан ана шундай ўйлар билан қайтдик...
Муҳтарама Комилова, ЎзА