Рақобатбардошлик таъминланмоқда
Миллий матбуот марказида «Ўзбекчармпойабзали» уюшмаси томонидан тармоқда амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Миллий матбуот марказида «Ўзбекчармпойабзали» уюшмаси томонидан тармоқда амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.“Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси бошқаруви раисининг ўринбосари Ш.Шералиев тери хомашёсини тайёрлаш ва қайта ишлаш, маҳсулотлар рақобатбардошлигини таъминлаш, инвестициялар жалб қилган ҳолда соҳа корхоналарини техник қайта жиҳозлаш ва модернизациялаш бўйича изчил ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Жорий йилда тармоқ корхоналарида умумий қиймати 18 миллион доллардан зиёд 9 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган. 2016 йилнинг биринчи чорагида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 17,1 фоизга ўсган.
Аҳолининг сифатли чарм-пойабзал маҳсулотларига талабидан келиб чиқиб, тармоқ корхоналарида импорт ўрнини босадиган рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Хусусан, 300 дан ортиқ турдаги пойабзал ҳамда 70 янги турдаги чарм-атторлик маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Маҳаллийлаштириш дастури доирасида учта лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида импорт ўрнини босадиган уч турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилган.
Маҳсулотлар Жанубий Корея, Хитой, Италия, Туркия, Покистон, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатларга етказиб берилиши янада кенгайиб, экспорт кўрсаткичлари прогнозга нисбатан 38,3 фоиз юқори бўлган.
– Янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, маҳсулотларни хорижий мамлакатларда кенг тарғиб қилишга қаратилган чора-тадбирлар экспорт ҳажмининг ўсиши ҳамда географиясининг кенгайишида муҳим омил бўлмоқда, – дейди “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси бошқарма бошлиғи М.Зоҳидов. – 2010 йилда уюшма корхоналари томонидан 1 миллион 300 минг долларлик маҳсулотлар экспорт қилинган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткични 190 миллион 500 минг долларга етказиш кўзда тутилган.
Жорий йилда вилоят ҳокимликлари билан ҳамкорликда корхоналарга чет эл инвесторларини жалб қилиш, мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан тўлиқ фойдаланиш, янги корхоналарни ташкил этишга қаратилган 264 лойиҳа амалга оширилиб, уч мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади.
Тадбирда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.