“Қуёш воҳаси”да битган – “Гурвак султон”
Хоразм вилояти нафақат бой тарихи, меъморчилик ёдгорликлари, маданияти ва санъати билан машҳур, балки қовунларининг бетакрор таъми билан ҳам дунёга танилган. Қадим воҳа қовунлари нафақат мамлакатимизда, балки хорижда ҳам ўзининг ширинлиги, хушбўйлиги ва узоқ сақланиш хусусияти билан қадрланиб келади.
Хоразмликларнинг кундалик сўзлашув жараёнида қовун билан боғлиқ иборалар кўп учрайди. Уларнинг аксарияти “Гурвак” билан боғлиқ. Халқ орасида “Қовун қовундан ранг олади”, “Ёзда гурвак еган, қишда совуқ емас”, “Қовун эксанг - полиз, гурвак эксанг - азиз бўлади”, “Ҳаётинг гурвакдин ширин бўлсин!” каби ўхшатишлар юради. Айниқса, қишлоқлардаги боғдор ёки деҳқонлар июль-август ойларида уйига меҳмон таклиф қилмоқчи бўлса, “Галинг, Гурвак емакка!” дея хитоб қилади.
Шунингдек, ўзга юртларга кетмоқчи бўлган хоразмликка ёши катталар “Гурвак бўлсанг, Хоразмда ун!” деб уқтиришади. Бу дегани ҳар бир инсон ёки нарса ўз маконида қадр топишини билдиради.
Воҳада бугунги кунда 150 дан ортиқ турдаги қовунлар навлари орасидаги юқори мавқеига эга бўлган Гурвак қовуни “Полиз султони” дея таърифланади.
Ер юзида ҳиди ва таъмида ўхшаши бўлмаган бу қовунни бир марта тўйиб истеъмол қилсангиз, унинг таркибидаги моддалар танангизда бир йил, таъми эса йиллар давомида сақланиб қолади. Гурвак ёз ойининг ўрталарида етилиб пишади ва саноқли кунларгина истеъмолда бўлади. Уни бир-икки ойдан ортиқ сақлаб бўлмайди. Шунингдек, унинг уруғини олиб, бошқа жойда етиштирса ҳам ўз таъми ва хушбўйлигини йўқотади.
Ҳазорасп тумани "Полвон пир" фермер хўжалиги раҳбари Шавкат Қурёзов турли қовун навларини етиштиради. Айниқса, кейинги йилларда йўқолиб кетган қовун навларини қайта тиклашга “бел боғлаган”. Унинг полизида ҳозирда йигирмадан ортиқ қовун навлари етиштирилмоқда. Гурвак қовуни эса айни пишиқчилик палласида. Биз ундан нега гурвак қовуни бошқа жойларга қараганда Хоразм ва Қорақалпоқ ерларида ўсганда таъми ширин бўлишини сўрадик.
[gallery-30747]
– Бунинг сабаби энг аввало географик жойлашувимиз билан боғлиқ, - дейди Шавкат Қурёзов. – Биз Амударёнинг қуйи дельтасида жойлашганмиз. Дарё сувлари бизга етиб келгунича турли-туман минералларга тўйиниб келади. Иккинчидан, воҳамизнинг ёзи жуда иссиқ ва қиши жуда совуқ. Қумлоқ ва бироз шўрланган тупроғимиз қишда музлаб, мириқиб “тин” олади. Баҳорда “шўрини ювамиз”, минерал сувга тўйиб, суғорилган ерларга қовун уруғларини қадаймиз. Гурвак жуда кўп сувни ҳам ёқтирмайди. Ердан униб чиққач фақат иссиқ офтоб нурида гуркураб ўсади. Кимёвий ўғитларни ҳам унчалик хушламайди. Учинчидан, бизда қовун етиштириш технологияси кўп асрлардан буён аждодларимиздан мерос бўлиб келмоқда. Биз ота-боболаримиз ўргатган усул бўйича ерга ишлов бериб, қовун етиштирамиз.
Хоразмнинг ўзига хос қуёши, иқлими, тупроғи ва деҳқонларнинг тажрибаси Гурвакка ҳақиқатда ўзгача маза бағишлайди. Айниқса, буни дала бошига келиб истеъмол қилсангиз аниқ ҳис қиласиз. Қовуннинг кесилган ҳар бир бўлагида меҳр, воҳанинг ўзига хос табиати яъни баҳори ва ёзининг иссиқ тафти ва деҳқоннинг меҳнати бор.
Ҳазорасп туманинг “Қовунчи” маҳалласида яшовчи Хосият Саидаҳмадова маҳалладошлари каби бир неча ўн йиллар давомида қовун етиштириш билан шуғулланади.
- Маҳалламиздаги ҳамма ўз томорқасида асосан қовун етиштиради, - дейди полизкор Хосият Саидаҳмадова. – Ҳар йили мамлакатимиз ва хорижий бозорларга томорқа ер далаларимиздан ҳар хил турдаги қовунлар жўнатилади. Бизнинг оиламиз асосан Гурвак етиштирамиз. Гурвакни экспорт қилишнинг иложи йўқ. Чунки, етилиб пишган қовун йигирма кунгина ўз таъмини сақлаб туради. Палагидан узилгач, икки ойдан сўнг эса умуман истеъмолга яроқсиз бўлади. Мағизи унинг 95 фоизини ташкил қилади. Унинг пўчоғи жуда юпқа бўлганлиги сабабли кўп сақлаб бўлмайди. Бироқ, Гурвакнинг мазаси ва ҳидини бошқа қовунлар билан солиштириб бўлмайди. Унинг шираси ҳам бошқа навларга қараганда анча юқоридир.
Тарихий манбаларда “Хоразм” атамасининг луғавий маъноси “Қуёш қабиласининг ери”, “Қуёшли ер”, “Қуёш воҳаси” деган тахминлар келтирилади. Гурвак ҳам баҳор ва ёз қуёшининг ҳарорати ила етиладиган эртапишар қовундир. Унинг парваришида ҳам офтобнинг ўрни беқиёс.
Тарихда, оламга машҳур араб сайёҳи Ибн Баттута ва Венгер олими Ҳерман Вамбери асарларида келтирилишича, бу заминда етиштирилган қовунлар муз билан ўралган қўрғошин қолипларда савдо карвонлари орқали дунёнинг турли давлатларига экспорт қилинган. Бу анъаналар ҳали ҳамон давом этмоқда.
Бироқ, Гурвак хорижга экспорт қилинмаса-да, Хоразм қовунчилигининг рамзи ҳисобланади. Гурвакни фақат қисқа муддат ичида, яъни фақат маромига етиб пишгандагина ейиш мумкин. Шунинг учун у қовунни ейиш учун албатта Хоразмга бориш керак.
Ана шу имкониятни барча қовунсеварларга тақдим этиш ҳамда Хоразм қовунчилигини янада кенг тарғиб қилиш орқали маҳаллий ва хорижий сайёҳлар эътиборини қаратиш ва туристлар оқимини ошириш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан ҳар йили айни қовун пишиғи мавсумида анъанавий тарзда “Қовун сайли” халқаро фестивали ўтказилади.
Бу тадбирларда деҳқонлар ўзлари етиштирган энг сара Гурвакларни намойиш этадилар. Сайилларда миллий куй-қўшиқлар, турли кўнгилочар ўйинлар ва кўргазмалар бўлиб ўтади.
Она табиатнинг ва Хоразм заминининг бебаҳо неъмати Гурвак – эндиликда халқаро меҳмондўстлик ва тўкин-сочинлик рамзига ҳам айланди. Қовун сайлига ташриф буюрган ҳар бир меҳмон айнан Гурвакдан татиб кўрмасдан ортига қайтмайди.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари