Қувалик аёллар доимий ишга эга бўлди
Фарғона вилоятида хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш ҳамда ижтимоий ҳимоясини яхшилашга муҳим эътибор қаратилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даврида қарийб 24 мингга яқин аёл иш билан таъминланди. “Аёллар дафтари” асосида ҳам эҳтиёжманд хотин-қизлар қўллаб-қувватланиб, уларга амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси вилоят Кенгаши ташаббуси билан вилоятда хотин-қизлар ўртасида ишсизликнинг олдини олиш, меҳнат билан банд бўлмаган хотин-қизларни иш билан таъминлаш бўйича ҳудудларда тадбиркорлар ва иш берувчилар билан мулоқотлар ўтказилмоқда.

Қува тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган учрашувга тумандаги ишлаш истагини билдирган 100 нафардан зиёд хотин-қиз таклиф этилди. Улар туманда фаолият олиб бораётган “Altindag textile” корхонасидаги мавжуд иш ўринлари, у ерда яратилган шароитлар билан танишди. Корхона фаолияти, иш жараёни маъқул бўлган ўнлаб аёллар шу ернинг ўзида ишга қабул қилинди.
– Касаба уюшмалари ташаббуси билан ташкил этилган тадбиркорлар ва иш берувчилар билан мулоқот учрашувига маҳалламиздаги 8 нафар ишсиз хотин-қиз билан келдик. Бугун уларнинг ҳаммаси шу корхонада ишлаш истагини билдирди, –дейди “Қайирма” маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар фаоли Мактуба Абдулазизова.

–Ўзимга мос иш топганимдан хурсандман.Иш шароити, маошлари менга маъқул бўлди,–дейди Гулсанам Холиқова.–Қувонганимдан ишга жойлашганимни қўни-қўшниларимга айтгандим, улар ҳам шу ерда ишлашга қизиқиб қолди. Насиб қилса, қўшниларим билан бирга ишлаймиз.
Шу куни туман Ҳунармандлар марказида ҳам ташкил этилган мулоқот учрашувида 40 нафар аёл ушбу марказга ишга жойлашди.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири