Қурилиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда
Мамлакат тараққиёти, иқтисодиёт рақобатбардошлиги ва меҳнат бозори барқарорлиги, аввало, замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга кадрлар тайёрлаш тизимининг самарадорлиги билан белгиланади. Шу боис кейинги йилларда касбий таълимни халқаро стандартлар асосида ривожлантириш ва ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга йўналтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Президентимизнинг 2025 йил 26 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномасида 2026 йилда мамлакатнинг етти вилоятида Илғор касбий маҳорат техникумлари ҳамда “Касблар шаҳарчаси” фаолиятини йўлга қўйиш, 2027 йилдан эса мазкур тажрибани республиканинг барча ҳудудларида жорий этиш вазифаси белгилаб берилди. Бу ташаббус касбий таълим тизимини тубдан янгилаш, иш берувчилар эҳтиёжларига мос кадрлар тайёрлаш ва халқаро стандартларни таълим жараёнига кенг жорий этишга хизмат қилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг мазкур ташаббуслари ҳуқуқий жиҳатдан ҳам мустаҳкамланмоқда. Жумладан, Президентнинг 2026 йил 17 июлдаги “Республикада халқаро таълим стандартлари асосида ўрта махсус, касбий ва олий таълим дастурларини жорий этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ таълим муассасаларида халқаро дастурларни кенг жорий этиш ва меҳнат бозори талабларига мос рақобатбардош кадрлар тайёрлашнинг янги тизими йўлга қўйилмоқда. Жиззахда ташкил этилаётган Илғор касбий маҳорат техникуми ҳам мазкур вазифаларнинг амалий ифодаси бўлиб, таълим жараёни Pearson ва Avestos халқаро дастурлари асосида ташкил этилмоқда.
Мазкур ислоҳотлар доирасида Жиззах вилоятида Илғор касбий маҳорат техникуми ташкил этилди. Жиззах шаҳрининг Сайилжойи маҳалласида жойлашган ушбу таълим муассасасида янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари қизғин давом этмоқда.
Аввал Жиззах шаҳар 2-сон техникуми фаолият юритган бинода реконструкция ишлари амалга оширилмоқда. Лойиҳа Жиззах вилояти ҳокимлигининг “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси давлат муассасаси буюртмачилигида бажарилаётган бўлиб, унинг умумий қиймати 19 миллиард 674 миллион 800 минг сўмни ташкил этади.
Қурилиш ишлари белгиланган режа асосида жадал суръатларда олиб борилмоқда. Ётоқхона биносида реконструкция ишлари тўлиқ якунланиб, пардозлаш босқичига ўтилган. Ўқув биносида ҳам асосий қурилиш ишлари якунига етказилмоқда.
— Илғор касбий маҳорат техникуми вилоятимиздаги барча техникумлар учун методик ва амалий марказ вазифасини бажаради, — дейди техникум директори Фахриддин Азимов. — Келгусида ҳудудимиздаги техникумлар талабалари бу ерда амалиёт ўтайди. Замонавий касбларни халқаро талаблар асосида ўргатиш учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Шу мақсадда Германиядан энг сўнгги русумдаги ўқув жиҳозлари келтирилмоқда.
Жорий ўқув йили учун қабул жараёни тўлиқ якунланди. Илк босқичда 100 нафар ўқувчи таълим олишни бошлайди.
Ўқув жараёни тўртта устувор йўналиш бўйича халқаро таълим дастурлари асосида ташкил этилади. Булар ахборот технологиялари (Pearson, Буюк Британия), машина ва қурилмалар оператори (Avestos, Германия), автомобиллар мехатроникаси техниги (Avestos, Германия) ҳамда қишлоқ хўжалиги ва қурилиш машиналари механикаси (Avestos, Германия) йўналишларидир.
Ушбу таълим дастурларини муваффақиятли ўзлаштирган битирувчиларга Буюк Британия ва Германияда ҳам эътироф этиладиган халқаро намунадаги дипломлар берилади. Бу эса уларнинг нафақат мамлакатимизда, балки хорижий меҳнат бозорида ҳам муносиб ўрин эгаллаши учун мустаҳкам замин яратади.
Лойиҳанинг мантиқий давоми сифатида Жиззахда “Касблар шаҳарчаси”ни барпо этиш ҳам режалаштирилган. Замонавий мажмуа ахборот-маслаҳат, технологик, саноат ва муҳандислик, сервис ва хизмат кўрсатиш ҳамда маҳорат майдончаси каби интерактив зоналарни ўз ичига олади.
Бу ерда мактаб ўқувчилари меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар билан яқиндан танишишади, замонавий IT-платформалар орқали ўз касбий мойилликларини аниқлашади. Шунингдек, техникум устахоналарида реал ишлаб чиқариш ускуналарида амалий машғулотлар ўташади, мастер-классларда иштирок этишиб, амалий лойиҳаларни бажаришади. Айниқса, 9-синф битирувчиларига қайси техникумда, қайси касб ёки мутахассислик бўйича таҳсил олиш мақсадга мувофиқлиги юзасидан индивидуал маслаҳатлар берилади.
Жиззах вилоятида Илғор касбий маҳорат техникуми ва истиқболда “Касблар шаҳарчаси”нинг ташкил этилиши касбий таълим тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Энг муҳими, мазкур таълим муассасаси меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган, халқаро стандартлар асосида тайёрланган, замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга рақобатбардош мутахассислар тайёрлашда муҳим ўрин тутади.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири