Қурғоқчиликни биргаликда енгамиз
Тошкент шаҳрида Бутунжаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш куни муносабати билан анжуман бўлиб ўтди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда вазирлик ва идоралар, халқаро, нодавлат ташкилотлар, шунингдек, илмий-тадқиқот институтлари вакиллари иштирок этди.
Анжуманда мамлакатимизда чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш масаласи атрофлича муҳокама қилинди. Қум ва чанг бўронларига қарши Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган дастур ижроси юзасидан маърузалар қилиниб, тақдимотлар намойиш этилди.
Учрашув чоғида БМТнинг Чўлланишга қарши курашиш Конвенциянинг бажарилишини кўриб чиқиш бўйича қўмитанинг навбатдаги йиғилиши (CRIC-21) 2023 йил Ўзбекистонда ўтказилиши таъкидланди.
Марказий Осиё мўътадил чўллар ташаббуси (CADI) лойихаси доирасида 2017-2022 йилларда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди ва чўл экотизимини иқтисодий баҳолашга бағишланган тренинг ўтказилди.
Эслатиб ўтамиз, чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш кунининг бу галги шиори “Қурғоқчиликни биргаликда енгамиз” деб номланади. Қурғоқчилик кенг миқёсда ҳосилни йўқотиш, ўрмон ёнғинлари ва сув етишмаслиги натижасида инсониятга зарар етказиш нуқтаи назаридан энг вайронкор табиий офатлардан бири ҳисобланади.
Биламиз, ер деградацияси ва иқлим ўзгариши билан янада мураккаблашиб бораётган қурғоқчилик 2000 йилга қараганда 29 фоизга кучлироқ намоён бўлмоқда ва ҳар йили бундан 55 миллион киши азият чекмоқда.
2050 йилга бориб қурғоқчилик дунё аҳолисининг тўртдан уч қисмига таъсир кўрсатиши мумкин, шу сабабли бу глобал ва энг долзарб муаммо экани алоҳида қайд этилди.
Эслатиб ўтамиз, юртимизда 2017 йилдан буён CADI “Марказий Осиёдаги чўллар бўйича ташаббус” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ушбу дастур ФАО томонидан изчил олиб бориляпти.
– CADI лойиҳаси Бухоро ва Навоий вилоятларида аҳолини қўллаб-қувватлаш ва турмуш тарзини яхшилашга қаратилган амалдаги ҳаракат, – деди лойиҳанинг Ўзбекистондаги миллий координатори Наримон Нишонов. – Юздан зиёд томорқа эгалари кичик иссиқхона, сутни қайта ишлаш ва сақлаш, шунингдек, ҳунармандчилик ҳамда тикув ускуналари билан таъминланди.
Яна бир худди шундай, “Марказий Осиё ва Туркиянинг қурғоқчил ҳамда шўрланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ландшафтларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш” лойиҳаси ҳам қурғоқчиликка учраган ва шўрланган қишлоқ хўжалиги ер майдонларида табиий ресурсларни комплекс бошқариш амалётини жорий қилиш кўламини кенгайтиришга қаратилган.
Ўтган давр мобайнида лойиҳа ҳамкорларига 500 минг донадан ортиқ мевали дарахт, узум кўчат ва қаламчалари, 108 дона кичик иссиқхона, 100 дан ортиқ кичик қишлоқ хўжалиги техника ҳамда асбоб-ускуналари, 100 тоннадан зиёд қурғоқчилик ва шўрланишга чидамли экин уруғлари етказиб берилган.
– Лойиҳа мақсади қурғоқчил ва шўрланган ер шароитида хатар ва заифлик даражасини пасайтириш, фермер ва қишлоқ аҳолисига қурғоқчилик ва шўрланишга қарши курашиш, бу борада илғор технологиялардан фойдаланишдир, – деди лойиҳа миллий бошқарувчиси Муҳаммаджон Қосимов.
Б.ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА