Қурғоқчилик учун қандай ечимлар таклиф қилиняпти?
Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)нинг Венгриядаги ваколатхонаси ижрочи директори, Қурғоқчиликнинг олдини олиш институти Кузатув кенгаши раиси Балаж Хендрик билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасида аграр илм-фан ва инновациялар алмашинувини кенгайтириш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш ҳамда иқлим ўзгариши шароитида соҳанинг барқарорлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Балаж Хендрикнинг V Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида ташкил этилган “Сув ресурслари, энергетика ва озиқ-овқат ўртасидаги ўзаро боғлиқлик: иқлим ўзгаришига бардошлилик ва қишлоқ хўжалигига инвестициялар” мавзусидаги панель сессиясида маърузачи сифатида иштирок этгани ҳам қайд этилди.
Томонлар Туркий давлатлар ташкилотининг Венгриядаги ваколатхонаси платформаси орқали қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, илмий-тадқиқот муассасалари ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда қурғоқчиликка қарши курашиш бўйича илғор тажрибаларни Ўзбекистонда жорий этиш имкониятларини кўриб чиқди.
Шунингдек, замонавий агротехнологиялардан фойдаланиш, сув ресурсларини самарали бошқариш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўналишларида ҳамкорликни янада фаоллаштириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашув якунида ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, амалий натижаларга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва истиқболли лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА