“Қумқўрғон – Қудуқли” темир йўл участкасини электрлаштириш бошланди
Президент топшириғи – амалда
Президентимиз жорий йил 26-27 февраль кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида “Тошғузор – Бойсун – Қумқўрғон” темир йўл участкасини тезюрар поездга мослаш бўйича лойиҳани шу йил бошлаш, 103 километр масофадаги “Қумқўрғон – Қудуқли” темир йўлини электрлаштириш юзасидан тегишли вазифаларни белгилаб берган эди.

Давлатимиз раҳбарининг топшириқлари ижросини таъминлаб, йўловчиларга замонавий қулайлик яратиш, узоғини яқин қилиш учун муҳим инфратузилма лойиҳасида қурилиш ишлари бошланди.

Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов бир гуруҳ нуроний отахонлар билан “Қумқўрғон – Қудуқли” темир йўлини электрлаштириш лойиҳасини амалга оширишга старт берди. Шу ерда лойиҳа тақдимоти билан яқиндан танишиб, унинг техник-иқтисодий кўрсаткичлари, амалга ошириш босқичлари ва кутилаётган натижалар билан қизиқди.

Мутахассисларнинг айтишича, янги лойиҳа темир йўл орқали юк ва йўловчи ташиш самарадорлигини оширади. Транспорт инфратузилмасини тубдан янгилаб, тезюрар поездлар ҳаракатини йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этади. Қумқўрғондан Қудуқлигача поездлар қатновини икки соатгача қисқартиради.

Лойиҳа ҳудудда поездлар ҳаракатини тезлаштириб, иқтисодий салоҳиятини ошириши, янги иш ўринлари яратиши, логистика имкониятларини кенгайтириб, аҳолига янада қулай транспорт хизмати кўрсатиши билан аҳамиятли бўлмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири