Қорақалпоғистонлик ёшлар – Наманганда
Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги байрами муносабати билан Қорақалпоғистон Республикасининг Қораўзак туманидан бир гуруҳ ёшлар Наманганга келиб, вилоятда ёш авлод учун яратилган имкониятлар ҳамда илғор тажрибалар билан танишмоқда.
Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Отабек Бозоров темир йўл вокзалида тантанали кутиб олинган меҳмонларни юртимиз ҳаётидаги муҳим ва қутлуғ сана – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги билан самимий табриклади. Вилоятда амалга оширилаётган ёшлар сиёсати, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасидаги лойиҳалар ҳамда эртамиз эгалари учун яратилган имкониятлар ҳақида маълумот берилди.

Ташриф давомида вилоятдаги диққатга сазовор жойлар ҳамда тадбиркорлик субъектларида учрашувлар ва очиқ мулоқотларда тажриба алмашиш ва янги ғояларни муҳокама қилишга алоҳида эътибор қаратиляпти.Қорақалпоғистонлик меҳмонлар даставвал Давлатобод туманидаги “Янги Ўзбекистон – ёшлар зиё маскани" ахборот кутубхонасида бўлди.
Маърифат масканида қорақалпоқ ёшлари ўғил-қизларнинг бўш вақтини мазмунли ташкиллаш, уларнинг билим ва кўникмаларини ривожлантириш, ижодий ҳамда интеллектуал салоҳиятини юзага чиқариш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди. Кутубхонадаги замонавий шароитлар, тўгарак ва лойиҳалар, мавжуд имкониятлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Вилоят саноатида муҳим ўрин тутадиган, Давлатобод туманидаги “Fazman tekstil” масъулияти чекланган жамиятида бўлиб ўтган учрашувда корхона фаолияти, ишлаб чиқариш жараёни ва замонавий ускуналар билан танишилди. Тадбиркорлик ва ишлаб чиқариш соҳасидаги амалий тажрибалар ўрганилди. Айниқса, янги иш ўринларини яратиш, ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш ва уларни тадбиркорликка жалб этиш борасидаги ишлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Ташрифнинг кейинги манзили – Тўрақўрғон туманидаги “Iftixor kiyim sanoat” кластерида пахтани қайта ишлаш ҳамда ундан ип-калава ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишилди. Корхонадаги замонавий технологиялар ва яратилган имкониятларни кўздан кечирди.

Тумандаги яна бир эътиборга молик лойиҳа натижаси – “Уйчи парранда” масъулияти чекланган жамияти ҳамда “Наманган қўйчилик кластери”да ёшлар корхоналарнинг фаолияти, ишлаб чиқариш жараёнлари ва чорвачилик соҳасида яратилган имкониятлар билан яқиндан танишди.

Бундан ташқари қорақалпоғистонлик ёшлар учун Наманган вилоятининг тарихий қадамжо ва истиқлол йилларида барпо этилган ажойиб масканлар бўйлаб саёҳат унутилмас таассуротларга бой тарзда кечди.

Хусусан, Тўрақўрғон ва Мингбулоқ туманлари кесишмасида жойлашган, уч минг йиллик мозийдан сўзловчи Ахсикент архелогик паркидаги бой маданий мероси ва археологик ёдгорликлар ҳамда Ўрта Осиёда ягона бўлган, Давлатобод туманидаги “Афсоналар водийси” тематик боғида меҳмонлар мароқли ҳордиқ чиқардилар.

Қорақалпоғистонлик ёшларнинг Наманганга сафари ҳудудда ёшлар учун яратилаётган имкониятларни ўрганиш, ўзаро тажриба алмашиш ва янги ташаббусларга йўл очишга хизмат қилмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.