Қорақалпоғистонда педагоглар малака синовларидан ўтмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ, жорий йилнинг январь–июнь ойларида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги мактабгача, умумий ўрта ҳамда мактабдан ташқари таълим ташкилотлари педагог кадрлари малака тест синовларидан ўтказилмоқда.
Синов жараёнларига 7 апрель куни старт берилган бўлиб, улар 4 майга қадар давом этади. Белгиланган тартибга кўра, аттестация икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда педагогларнинг мутахассислик фанидан билими, иккинчи босқичда эса педагогик маҳорати баҳоланади. Ҳар иккала босқич ҳам замонавий ахборот технологиялари асосида компьютер орқали реал вақт режимида ўтказилмоқда. Бу эса жараённинг шаффофлигини таъминлаб, инсон омили аралашувини чеклашга хизмат қилади.
[gallery-28689]
Қорақалпоғистон Республикасида ҳам аттестация тест синовлари очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида ташкил этилган.
Жорий йилги аттестацияда иштирок этиш учун ҳудуд бўйича қарийб 19 минг нафар педагог ҳужжат топширган. Дастлабки синовлар кимё фани бўйича ўтказилиб, унда 570 нафар педагог ўз билим ва салоҳиятини намоён этди.
Аттестация якунлари бўйича электрон шаклдаги сертификатлар педагогларнинг шахсий кабинетларига юборилади.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА