Қорақалпоғистонда «Ишбилармон аёл» танлови ғолиблари аниқланди
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан «Ишбилармон аёл» кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ўтказилди.
Танловда республиканинг 17 та шаҳар ва туманида ўтказилган саралаш босқичлари ғолиблари бўлган тадбиркор хотин-қизлар ўз фаолияти, ишлаб чиқараётган маҳсулотлари ҳамда истиқболли лойиҳаларини намойиш этди.
Иштирокчилар иқтисодиётнинг турли тармоқларида самарали фаолият юритиб келмоқда. Хусусан, улар орасида меҳмонхона хизмати, саноат, ун ва сут маҳсулотлари, ярим тайёр озиқ-овқатлар ишлаб чиқариш, миллий либослар ва тақинчоқлар тайёрлаш, гўзаллик хизматлари кўрсатиш, кўрпа-тўшак тикиш, асаларичилик ҳамда фермерлик билан шуғулланаётган ишбилармон аёллар бор.
Ҳакамлар ҳайъати иштирокчилар фаолиятини танлов низомида белгиланган мезонлар асосида баҳолади. Бунда янги иш ўринлари яратиш, «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларни касб-ҳунарга ўргатиш ва бандлигини таъминлаш, экспортбоп ҳамда импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш, хизматлар сифатини ошириш ва инновацион ғояларни амалиётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир доирасида ташкил этилган кўргазмада иштирокчиларнинг маҳсулотлари ва истиқболли лойиҳалари тақдим қилинди. Миллий ҳунармандчилик буюмлари, озиқ-овқат ва саноат маҳсулотлари, замонавий ишлаб чиқариш ҳамда қурилиш соҳасига оид ишланмалар намойиши тадбир иштирокчиларида қизиқиш уйғотди.
Танлов якунларига кўра, Нукус шаҳридаги «Damir hotel» меҳмонхонаси, «NUKUS POLIMER» масъулияти чекланган жамияти ҳамда «Беш қалъа» бренди остида ун маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона раҳбари Ойгул Тошбоева биринчи ўринга муносиб кўрилди. Қонликўл туманидан фермер Гулойим Қалоаева иккинчи, Кегейли туманидан ҳунарманд Мариям Камолова учинчи ўринни эгаллади.
[gallery-32012]
Шунингдек, «Йилнинг мурувватли ишбилармон аёли», «Қишлоқни ижтимоий ривожлантиришда фаоллик кўрсатган фермер аёл», «Инвестицияларни жалб қилишда ташаббус кўрсатган ишбилармон аёл» ва «Энг ёш, фаол аёл тадбиркор» номинациялари бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан пул мукофотлари, дипломлар ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Мазкур танлов хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, илғор тажрибаларини оммалаштириш ва жамият ҳаётидаги ўрнини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА