Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев ўтказган мажлис Қораўзак туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланди.
Унда туманни ҳар томонлама ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва бошқа белгиланган режаларнинг бажарилиши кўриб чиқилди.
Мажлис давомида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгиланиб, аниқ топшириқлар берилди. Ўз вазифасини бажаришга лоқайдлик билан қараётган раҳбарларга интизомий жазо чорасини қўллаш ва зарур бўлса, лавозимига лойиқлиги масаласини кўриб чиқиш бўйича топшириқ берилди.

***
“Ҳудудгаз Қорақалпоғистон” газ таъминоти филиали томонидан истеъмолчиларни суюлтирилган газ билан таъминлаш бўйича чора-тадбирлар самарали амалга оширилмоқда.
Кегейли тумани бўйича табиий газ етиб бормаган қишлоқ жойлардаги 1 минг 865 истеъмолчига бир маромда суюлтирилган газ етказиб берилмоқда.
Аҳолига суюлтирилган газ етказиб беришда 4 минг 828 та айланма маиший газ баллони ишлатилмоқда. Кегейли тумани газ таъминоти филиали суюлтирилган газ хизмати бошлиғи В.Бекниязовнинг таъкидлашича, 2024 йил учун аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш режаси 357,8 тоннани ташкил этиб, амалда 364,5 тонна етказиб берилган.

***
Халқаро оила куни муносабати билан “Янги Ўзбекистоннинг намунали оиласи” кўрик-танловининг Бўзатов тумани босқичи бўлиб ўтди.
Унда туман ҳудудидаги маҳаллалардан жами бешта намунали оила иштирок этиб, белгиланган шартлар бўйича ўзаро беллашди. Танлов якунида ғолиблар аниқланди ва уларга туман ҳокимлиги томонидан тайёрланган фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Биринчи ўринни қўлга киритган “Бўзатов” шаҳарча фуқаролар йиғинидан Бекниязовлар оиласи танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичига йўлланма олди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири