Қорақалпоғистон делегацияси Покистонда
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Фарҳод Эрманов бошчилигидаги делегация аъзолари жорий йилнинг 30 июнь – 4 июль кунлари савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Покистон Ислом Республикасида хизмат сафарида бўлиб турибди.
Делегация аъзоларини Панжоб вилоятининг Қишлоқ хўжалиги вазири Саид Муҳаммад Ашиқ Ҳуссаин Кирмани кутиб олди. Ташрифнинг биринчи кунида делегация аъзолари Покистоннинг қатор давлат ташкилотлари ҳамда йирик компаниялари вакиллари билан инвестицияларни жалб этиш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари юзасидан музокаралар олиб боришди.

Дастлаб Панжоб вилояти Бош вазири Марям Навоз билан учрашув бўлиб ўтди. Музокаралар давомида Қорақалпоғистон Республикасида қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва фармацевтика соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш истиқболлари муҳокама қилинди. Учрашув якунида эришилган келишувларни амалиётга татбиқ этиш мақсадида “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиши ҳамда уни амалга ошириш учун масъуллар белгиланишига келишиб олинди.

Шундан сўнг Лаҳор савдо-саноат палатасида Қорақалпоғистон – Панжоб бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикасининг инвестициявий салоҳияти, иқтисодий кўрсаткичлари ва тадбиркорлик учун яратилган қулай шарт-шароитлар бўйича тақдимот ўтказилди. Тадбир якунида тадбиркорлар ўртасида B2B учрашувлари ташкил этилиб, савдо ва инвестиция йўналишларида қатор келишувларга эришилди. Шунингдек, ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида Лаҳор савдо-саноат палатаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Шунингдек, “SK Livestock Foods” компанияси раҳбарияти билан бўлиб ўтган учрашувда озиқ-овқат (тайёр ва ярим тайёр гўшт) маҳсулотларини ишлаб чиқаришни Қорақалпоғистон ҳудудида йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Учрашув давомида компания директори Абубакар Бин Юсуф Қорақалпоғистоннинг инвестициявий имкониятларини ўрганиш мақсадида яқин кунларда ҳудудга ташриф буюришини маълум қилди. Шунингдек, тўқимачилик соҳасида фаолият юритувчи “US Аппарел & Техтилес (Пвт.) Limited” компанияси бош директори Ирфан Назир Аҳмад ҳам Қорақалпоғистоннинг мавжуд имкониятлари билан яқиндан танишиш мақсадида яқин 20 кун ичида ташриф буюришини билдирди. Фармацевтика йўналишида эса “CCL Pharma Company” компанияси билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон ҳудудида янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш масалалари юзасидан музокаралар ўтказилди.
Кун якунида Мултон қишлоқ хўжалиги университети ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари билан учрашув ташкил этилди. Музокаралар якунида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Мўлтон қишлоқ хўжалиги университети ўртасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, илмий тажриба алмашиш, мутахассислар малакасини ошириш ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида билим ва кўникмалар алмашишга қаратилган англашув меморандуми имзоланди.
Қорақалпоғистон Республикаси делегациясининг Покистондаги сафари давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири