"Қонунлар сони эмас, сифати муҳим": Санчес Европа учун янги ёндашувни илгари сурди
Европа Иттифоқида иқтисодиётни рағбатлантириш учун қоидаларни қисқартириш ҳақидаги баҳслар кучайиб бораётган бир пайтда Испания бош вазири Педро Санчес бошқача позицияни илгари сурди. У рақобатбардошликни оширишнинг ягона йўли тартибларни камайтириш эмаслигини таъкидлади. Унинг фикрича, масала қонунлар сонида эмас, уларнинг сифати ва самарадорлигида.
Сўнгги икки йилда Европа Комиссияси бизнес учун бюрократик юкни енгиллаштириш мақсадида бир қатор ислоҳот пакетларини ишлаб чиқди. Брюссел ҳисоб-китобларига кўра, бу чоралар компаниялар харажатларини миллиардлаб еврога қисқартириш имконини берган. Танқидчилар айрим ўзгаришлар экологик талаблар ва ижтимоий кафолатларни заифлаштириши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда. Айниқса, корпоратив барқарорлик ҳисоботларига оид талабларни юмшатиш шундай баҳсларга сабаб бўлди.
Санчес Европа иқтисодиёти кучли бўлиши билан бирга ижтимоий ҳимояни ҳам сақлаб қолиши шартлигини урғулади. У Испания тажрибасини мисол қилиб келтириб, иқтисодий ўсиш ва тенгсизликни камайтириш бир вақтнинг ўзида амалга оширилиши мумкинлигини қайд этди. Шунингдек, мамлакат “яшил” энергетикага ўтиш жараёнини рақобатбардошликни йўқотмасдан давом эттираётганини таъкидлади. Бу орқали у иқтисодий ўсиш ва ижтимоий масъулият бир-бирига зид тушунчалар эмаслигини кўрсатишга ҳаракат қилди.
Мазкур баҳс Европа сиёсатидаги янада каттароқ ўзгаришларнинг бир қисми ҳисобланади. Экспертлар фикрича, сўл қарашдаги сиёсий кучлар сўнгги йилларда кўплаб давлатларда позицияларини бой бермоқда ва янги дастурий ғоялар изламоқда. Улар арзон уй-жой, сифатли иш ўринлари, тоза энергия, озиқ-овқат хавфсизлиги ва рақамли гигантлар устидан кучлироқ назорат каби масалаларни кун тартибига чиқармоқда. Санчеснинг чиқиши ҳам айнан шу муҳокамалар фонида Европа келажаги қандай бўлиши кераклиги ҳақидаги тортишувларни янада қизитди.
Мусулмон Зиё, ЎзА