Қонликўлдаги ўрганишлар депутатлар диққат марказида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси раҳбари Актам Хаитов бошчилигидаги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг Қорақалпоғистон Республикасида аҳоли муаммоларини ўрганиш, ислоҳотларнинг жойлардаги ижросини таҳлил қилиш ва мавжуд масалаларни ҳал этиш бўйича ишлари давом этмоқда.
Навбатдаги ўрганишлар Қонликўл туманида ўтказилиб, унда ҳудуддаги ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти, тадбиркорлар учун яратилган шароитлар, ижтимоий хизматлар самарадорлиги, қишлоқ хўжалигидаги янги ёндашувлар ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш билан боғлиқ масалалар атрофлича кўриб чиқилди.
Ўрганишлар давомида дастлаб “Kanteks Invest” масъулияти чекланган жамиятидаги ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишилди. Йилига 10 минг тонна пахта толасидан ип-калава ишлаб чиқаришга ихтисослашган мазкур корхонада ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш, меҳнат шароитлари, янги иш ўринлари яратиш ва корхона фаолиятини янада кенгайтириш имкониятлари ўрганилди.
Мулоқот жараёнида корхона вакиллари томонидан ишлаб чиқаришда фойдаланилаётган хомашёнинг сифати билан боғлиқ масала кўтарилди. Хусусан, биржага чиқарилаётган пахта толасига берилган сифат сертификатида “1-сорт олий навли” деб кўрсатилган маҳсулот лаборатория текширувларида мазкур талабларга тўлиқ жавоб бермаётгани, шунингдек, 2-, 3- ва 4-сорт пахта маҳсулотларини сотиш билан боғлиқ қийинчиликлар мавжудлиги билдирилди.
Мазкур масала юзасидан тегишли идораларга сўровлар киритиш ва муаммонинг сабабларини ўрганиш бўйича чоралар белгилаб олинди. Бу каби масалаларнинг жойида ўрганилиши ишлаб чиқарувчилар манфаатларини ҳимоя қилиш, мавжуд тўсиқларни аниқлаш ва уларга қонуний ечим топишда муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, тадбиркорлар томонидан ўрнатилган қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилаётган ортиқча электр энергиясини сотиш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Амалдаги тартибдан келиб чиқиб, тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаётган ортиқча электр энергиясини харид қилишда аҳоли учун қўлланилаётган ягона ва адолатли тариф механизмларини жорий этиш масаласи бўйича тегишли идораларга таклиф ҳамда тавсиялар киритиш белгиланди.
Қонликўл туманидаги йирик ишлаб чиқариш субъектларидан яна бири “LAN-C” масъулияти чекланган жамиятида ҳам бўлиб, қизилмия экстракти ишлаб чиқариш жараёни, корхонада яратилган меҳнат шароитлари ва ишчилар фаолияти билан танишилди. Тадбиркорлик субъекти вакиллари ҳамда меҳнат жамоаси билан очиқ мулоқот ўтказилиб, уларнинг таклиф ва фикрлари эшитилди.
Мулоқотда тадбиркорлар учун яратилаётган имкониятлар, берилаётган имтиёз ва енгилликлар, ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун мавжуд шароитлар хусусида фикр алмашилди. Бундай очиқ мулоқотлар орқали тадбиркорларни қийнаётган масалаларни бевосита жойида эшитиш ва уларни тегишли ташкилотлар билан биргаликда ҳал этиш имконияти яратилмоқда.
Ўрганишлар давомида аҳолига ижтимоий хизматлар кўрсатиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази фаолияти мисолида ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга кўрсатилаётган хизматлар ҳолати кўриб чиқилди.
Бугунги кунда марказ тизимида аҳолига ижтимоий хизмат кўрсатишни рақамлаштириш ва қулайлаштириш мақсадида 25 дан ортиқ платформа ишга туширилган бўлиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли учун 132 турдаги ижтимоий хизмат йўлга қўйилган. Ўрганиш жараёнида мазкур хизматларнинг аҳолига етиб бориши, эҳтиёжманд қатламни қамраб олиш даражаси ва манзилли ёндашув масалаларига эътибор қаратилди.
Туманда қишлоқ хўжалигида янги ва юқори даромадли йўналишларни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳам ўрганилди. “Арзимбетқум” овулида М.Аралбаев раҳбарлик қилаётган “Ер олтин хазинам” фермер хўжалиги фаолияти билан танишилди.
Мазкур фермер хўжалигида анъанавий экинлар билан бир қаторда годжи, малина каби ноёб мевали экинлар ҳамда доривор ўсимликлар парваришланмоқда. Шунингдек, помидорнинг янги навларини синов тариқасида етиштириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Бу тажриба ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб, юқори даромад келтирувчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш имкониятларини кенгайтириш нуқтаи назаридан ўрганилди. Айниқса, фермер ва деҳқон хўжаликларида янги экин турларини жорий этиш, маҳсулот турини кўпайтириш ва қўшимча даромад манбаларини яратиш масалаларига эътибор қаратилди.
Шу йўналишда Қонликўл, Шуманай ва Қўнғирот туманларидаги фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокида август-сентябрь ойларида пиёз ва саримсоқпиёз, шунингдек, тўқсонбости усулида сабзавот экинларини экишни ташкил этиш бўйича амалий семинар ҳам ўтказилди.
Унда аҳоли томорқалари, боғ қатор оралари ва дала четларидан самарали фойдаланиш, картошка, пиёз, саримсоқпиёз ҳамда тўқсонбости экинларини ўз вақтида экиш бўйича тавсиялар берилди. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Ўзбекистон фермерлари кенгаши томонидан қабул қилинган Мурожаатнома мазмун-моҳияти иштирокчиларга тушунтирилиб, унда белгиланган имтиёзлар, тавсиялар ва фермер ҳамда томорқа ер эгалари зиммасидаги вазифалар ҳақида маълумот берилди.
Жойлардаги ўрганишларнинг яна бир муҳим йўналиши – аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ амалий ишлар бўлди.
Хусусан, “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида Қонликўл туманида 6 нафар фуқаронинг доимий иш билан таъминланишига кўмаклашилди. Ижтимоий кўмакка муҳтож 7 та оилага жами 14 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари ва зарурий уй-рўзғор жиҳозлари етказиб берилди.
Фуқароларнинг ўзини ўзи банд қилиши ва мустақил даромад манбаини яратиши учун 4 нафар фуқарога зарур асбоб-ускуналар берилди. Бу эса уларга мавжуд касб ва кўникмаларини даромад манбаига айлантириш, фаолиятини йўлга қўйиш ва оилавий даромадини ошириш имконини бермоқда.
Алоҳида эҳтиёжга эга фуқароларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 3 нафар фуқарога эшитиш мосламаси, 2 нафар фуқарога ногиронлар аравачаси ва яна 2 нафар фуқарога ногиронлар ҳассаси топширилди. Шунингдек, саломатлигини тиклаш ва соғломлаштиришга эҳтиёжманд 3 нафар фуқарога санаторийларда даволаниш учун бепул йўлланмалар ажратилди.
Умуман, Қонликўл туманида ўтказилган ўрганишлар ишлаб чиқариш ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлашдан тортиб, ижтимоий ҳимоя, аҳоли бандлиги ва қишлоқ хўжалигида янги имкониятларни ишга солишга қадар бўлган масалаларни қамраб олди.
Муҳими, тадбирлар жараёнида нафақат мавжуд ҳолатга баҳо берилди, балки аниқланган муаммолар бўйича тегишли ташкилотларга таклиф ва тавсиялар киритиш, уларнинг ижросини назоратга олишга қаратилган чоралар ҳам белгиланди. Бу эса депутатлик назоратини жойлардаги реал эҳтиёжлар билан уйғунлаштириш, аҳоли ва тадбиркорларнинг мурожаатларига амалий ёндашиш ҳамда ислоҳотларнинг натижадорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Зеро, депутатнинг жойлардаги фаолияти аввало одамларнинг ҳаёти, тадбиркорнинг иши, фермернинг ердаги меҳнати ва ҳар бир оиланинг эҳтиёжини бевосита ўрганишдан бошланади. Қонликўлдаги ўрганишлар ҳам шу мақсад – мавжуд имкониятларни ишга солиш, муаммоларни аниқлаш ва уларга амалий ечим топишга қаратилди.
[gallery-31515]
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат),
ЎзА мухбирлари