Қишлоқ хўжалиги: маҳсулот етказиш тури ва ҳажми янада ортади
Бугунги кунда Тошкент вилояти аҳолисининг 37 фоизи қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш билан банд. Ялпи ҳудудий маҳсулотнинг 38 фоизи шулар ҳиссасига тўғри келмоқда.
Шуни алоҳида эътиборга олиб, 2025 йилда жами 14,8 минг гектар қир адирлик ва фойдаланишдан чиққан ерлар, самарасиз майдонлар ўзлаштирилади. Ушбу майдонларнинг 2,6 минг гектари сабзавот, 7,1 минг гектари узумзор, 3,6 минг гектари боғ бўлади, 306 гектарига малина кўчатлари ўтқазилади, 73 гектарга эса фундук ва резавор ўсимликлар экилади. Натижада йилига 328 минг тоннадан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга эришилади.
Пахтачиликда замонавий хориж технологияларни жорий этиш орқали 20 фоиз майдонга касалликларга чидамли ғўза навлари экилади ва плёнка остида томчилатиб суғориш усули асосида парваришланади. Жараёнда замонавий агротехнологиядан кенг фойдаланиш ҳисобига ҳосилдорликни камида 10-15 центнерга ошириш мумкин.

Маълумки, 2024 йилда сув ресурсларидан фойдаланиш механизмларини тубдан ислоҳ қилиш борасида вилоят бўйича бир мунча тадбирлар амалга оширилди. Жумладан, 1 минг 100 та канал ва ички ариқлар бетонлаштирилди, 38 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий этилди. 2025 йилда ҳам жами 35,8 минг гектар майдонда сувни тежовчи техникалар амалга татбиқ этилади.
Шундан томчилатиб 7,3 минг гектар, ёмғирлатиб 3,8 минг гектар, дискрет тизими 2,6 минг гектар, эгилувчан қувур 5,2 минг гектар майдонда фойдаланиш чоралари кўрилади. Бу орқали 100 минг гектар (34,8 фоиз) ерларда сув таъминоти яхшиланади, 656 миллион куб метр сув иқтисод қилинади. Бундан ташқари, самарасиз фойдаланиб келинаётган 2 минг 200 гектар боғлар ўрнида саноатлашган мевали боғ ва токзор барпо этилади. Оҳангарон туманида ғалла майдонларини қисқартириш ҳисобига пиёз ва саримсоқ пиёз етиштиришга ихтисослаштириш йўлга қўйилади.

Оҳангарон, Паркент, Тошкент, Пискент, Юқори Чирчиқ, Зангиота, Янгийўл, Қибрай туманлари интенсив боғдорчилик, узумчилик ва сабзавотчилик янада ривожлантирилади. Қуйи Чирчиқ, Бекобод, Бўка, Ўрта Чирчиқ, Янгийўл туманлари шоличилик ва балиқчилик йўналишларида аҳоли бандлиги таъминланади. Шу билан бирга, айрим туманлар картошка-полизчиликка ихтисослаштирилса, коллектор-дренаж ҳамда бошқа мелиорация объектлари яхши жойлар атрофларида ўрдакчилик йўлга қўйилади.
Вилоятда самарали фаолият юритувчи “FRESH FOOD PACK” МЧЖ томонидан 500 гектар ер майдонида юқори даромадли экспортбоп ширин маккажўхори экиш лойиҳаси ҳам амалга ошириш мақсад қилинган. Ушбу лойиҳа Ўрта Чирчиқ, Пискент, Юқори Чирчиқ, Оққўрғон туманларида амалга оширилади. Паркент туманидаги узумчилик фермер хўжаликларининг дала четларида музлаткич омборхоналар ташкил этилади.

Ўрта Чирчиқ туманининг “Дўстлик” МФЙдаги яшовчи Рустам Маннаев “Mannayev agro klaster” МЧЖ қўзиқоринчилик кластерини ташкил қилиб, 300 дан ортиқ аҳоли хонадонларига қўзиқориннинг “Вешенка” навини етиштиришда намуна кўрсатган. Унинг ташаббуси билан қўзиқорин учун уруғлик ва махсус хомашёни етказиб берилиши туфайли аҳолидан тайёр маҳсулотни қайта сотиб олиш йўлга қўйилган. Ушбу тажрибани кенг жорий қилиш мақсадида Бўка, Оҳангарон, Юқори Чирчиқ туманларидаги 2 тадан маҳаллаларнинг 50 тадан аҳоли хонадонларида қўзиқорин етиштирилади.

Жойларда мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш даражасини 2025 йилда 22 фоизга, 2026 йилда 27 фоизга етказиш чоралари кўрилади. Умуман олганда, соҳа заҳматкашларининг барча олдига қўйилган режаларни амалга ошириш натижасида маҳсулот экспорт салоҳияти 365 миллион долларга етказилади. Бу кўрсаткич 2024 йилдагига нисбатан 215 миллион доллар кўпдир ҳамда 185 минг нафар аҳолини иш билан таъминлашга эришилади.
А.Мусаев, ЎзА