Қиш мавсумида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захирасини яратиш бўйича қандай чоралар кўрилмоқда?
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳаётимизда муҳим ўрин тутади. Шу боис, мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ҳажмини кўпайтириш орқали ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш, мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида экин майдонлари сезиларли даражада кенгайтирилди. Туманларни мева-сабзавотчиликка ихтисослаштириш, маҳсулот етиштирувчиларни мева-сабзавотчилик кластерлари ҳамда кооперацияларга бирлаштириш каби амалий чоралар кўрилмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида навбатдаги “Ҳукумат соати” бўлиб ўтди. Унда депутатлар “Қиш мавсумида аҳолини асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш ва соҳада қулай агробизнес муҳитини яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида”ги масалани муҳокама қилдилар.
Кун тартибидаги масала юзасидан қишлоқ хўжалиги вазири А.Воитов маъруза қилиб, депутатларнинг саволларига жавоб берди.
— Жорий йилда мамлакатимизда жами 23,5 миллион тонна озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирилди. Шундан, 11,6 миллион тонна сабзавот, 2,5 миллион тонна полиз, 3,5 миллион тонна картошка, 3 миллион тонна мева, 1,9 миллион тонна узум, 535,2 минг тонна дуккакли, 515,5 минг тонна шоли ҳамда 7,2 миллион тонна ғалла етиштирилди. Шунингдек, фермер, қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан 2022 йил ҳосили учун асосий, боғ ва ток қатор ораларига ва тарорий майдонларга жами 1481 минг гектар қишлоқ хўжалиги экинлари, сабзавот маҳсулотлари ҳосилдорлигини ошириш мақсадида 23 минг гектар интенсив усулда сабзавотлар плантация шаклида экилди.
Бундан ташқари, юртимизда 2022-2023 йил қиш ва баҳор мавсуми учун асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари — картошка, пиёз, сабзи, гуруч захираси ташкил этилди. Яъни, 291 минг тонна картошка, 74,5 минг тонна пиёз, 138,4 минг тонна сабзи, 78,9 минг тонна гуруч захираси шакллантирилди. 254 та бориш қийин бўлган тоғли ҳудудлар ва олис чўл зоналарига бугунги кунгача 12,4 минг тонна ун, 1 622 тонна ўсимлик ёғи, 1 828 тонна шакар, 1 692 тонна гуруч, 7,9 минг тонна картошка маҳсулотлари етказиб берилди. Захира қилинган барча маҳсулотлар 2023 йилнинг январь-апрель ойлари давомида бозорларга чиқарилади, — деди вазир.
“Ҳукумат соати”да халқ вакиллари тизимда олиб борилаётган ишларни эътироф этиб, соҳага оид қатор масалалар юзасидан саволлар берди.
Жумладан, депутат Мухтор Иброҳимов Қорақалпоғистон Республикасида картошканинг фақат эртаки нави экилиши, кечкисини етиштириш муаммо эканлигини айтиб, ҳудудда картошка захирасини яратиш борасида қандай чоралар кўрилаётгани билан қизиқди. Қишлоқ хўжалиги вазири бунга жавобан ҳақиқатан ҳам Қорақалпоғистон ҳудудида иқлим туфайли картошканинг кечки навини етиштириб бўлмаслигини таъкидлади. Шу боис, бошқа вилоятлардан кечки картошкани олиб келиб захира қилинишини билдирди.
Депутат Ўрол Ўрозбоев эса мева-сабзавотлар захирасини яратишда қайси ҳудуд сусткашликка йўл қўяётгани, шунингдек, ижтимоий соҳа муассасаларини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда қандай ишлар олиб борилаётгани билан қизиқди.
— Қашқадарё ва Сирдарё вилоятлари картошка етиштириш борасида сусткашликка йўл қўймоқда, — деди Азиз Воитов. — Ижтимоий соҳа муассасалари, жумладан мактабгача таълим ташкилотлари, мактаблар ҳамда касалхоналарни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш борасида жами 19 минг 400 тонна маҳсулот жамғарилган.
“Ҳукумат соати”да депутатлар ички бозорда нархлар барқарорлигини сақлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар томонидан ҳосилдорликни ошириш ҳамда соҳада қулай агробизнес муҳитини яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан ҳам қизиқдилар.
Қишлоқ хўжалиги вазири айтиб ўтганидек, жорий йилда аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, бозорларда маҳсулотларнинг нарх барқарорлигини сақлаш бўйича тегишли вазирлик ва идоралар билан бирга бир қатор амалий ишлар олиб борилди. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг тегишли фармони билан аҳолини ижтимоий аҳамиятга эга бирламчи маҳсулотлар билан таъминлаш ҳамда ички бозорда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида 23 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига — гўшт маҳсулотлари, балиқ, сут маҳсулотлари, тухум, мевалар, цитрус мевалар, ўсимлик ёғи, ун ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларига 2023 йил 1 январига қадар импорт божхона божининг ноль ставкаси 2023 йилнинг 1 июлига қадар узайтирилди. Натижада асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари кескин ошиб кетишининг олди олинди. Хусусан, мол гўшти нархи 4 фоизга, товуқ гўшти 2 фоизга ошган бўлса, қўй гўшти 5 фоизга, кунгабоқар ёғи 9 фоизга тушган.
Қизғин савол-жавоб ва муҳокамалар асосида ўтган “Ҳукумат соати”да депутатлар мавжуд муаммоларни бартараф этиш, соҳа истиқболига қаратилган бир қатор таклиф ва тавсиялар берди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА