Қиш мавсуми учун кўмир захираси етарлими?
Мамлакатимизда 2026-2027 йиллар куз-қиш мавсумида аҳолини кўмир билан таъминлаш ишлари давом этмоқда. Бу жараёнда кўмир қазиб олиш ҳажмини ошириш, маҳсулотни ҳудудларга ўз вақтида етказиб бериш ва аҳолига сотиш тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратиляпти.
“Ўзбеккўмир” АЖ томонидан 2026 йилда жами 5,7 миллион тонна кўмир қазиб олиш ва шундан 1 миллион 530 минг тоннадан ортиғини аҳоли эҳтиёжлари учун йўналтириш режалаштирилган. Бу ҳақда жамият ахборот хизмати мутахассиси Абдунодир Носиров иштирокида ўтказилган брифингда маълум қилинди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг январь-октябрь ойларида 5 миллион 488,9 минг тонна кўмир қазиб олинган. Шу даврда истеъмолчиларга 4 миллион 784,4 минг тонна маҳсулот юклаб жўнатилган.
Аҳолини кўмир билан таъминлашдаги жорий кўрсаткичларга кўра, биржа савдоларига 1 миллион 48 минг 461 тонна кўмир чиқарилган. Тадбиркорлар эса биржадан 987 минг 556 тонна маҳсулот харид қилган. Шундан 542 минг 776 тонна кўмир конлардан ортиб жўнатилган бўлиб, 417 минг 136 тоннаси қабул қилиб олинган.
Ҳозирга қадар тадбиркорлар томонидан аҳолига 308 минг 734 тонна кўмир сотилган. Омборлардаги мавжуд қолдиқ 108 минг 402 тоннани ташкил этмоқда. Яна 125 минг 640 тонна маҳсулот белгиланган манзилларга етказиб берилади. Айни пайтда республика бўйича аҳолига кўмир сотиш ва етказиб бериш билан 89 та тадбиркорлик субъекти шуғулланмоқда.
Брифингда таъминот жараёнининг янги тартибига ҳам тўхталиб ўтилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 июлдаги 418-сонли қарори асосида кўмир таъминотида бозор механизмлари жорий этилган. Унга кўра, аҳоли кўмирни бевосита тадбиркорлар орқали харид қилади.
Бу жараёнда “Ўзбеккўмир” АЖ маҳсулотни қазиб олиш, биржа савдоларига чиқариш ва тадбиркорлар томонидан харид қилинган кўмирни конлардан ўз вақтида юклаб жўнатиш учун масъул ҳисобланади. Тадбиркорлар эса маҳсулотни қабул қилиб олиш, омборларга жойлаштириш ва истеъмолчиларга сотишни амалга оширади.
Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида MyCoal.uz электрон платформаси ишга туширилган. У орқали фуқаролар бир нечта таклифни солиштириши, сотувчини танлаши, буюртма бериши ва унинг бажарилиш ҳолатини кузатиб бориши мумкин. Шунингдек, жамият томонидан тадбиркорларга биржа савдоларида қатнашиш, шартномаларни расмийлаштириш ва платформадан фойдаланиш бўйича амалий ёрдам кўрсатилмоқда.
Кўмирнинг якуний нархи биржадаги харид қиймати, юклаш, ташиш ва бошқа харажатлардан келиб чиқиб белгиланади. Шу боис маҳсулотни сотиш нархи ва етказиб бериш шартлари учун тадбиркорлар масъул ҳисобланади. Фуқаролар эса платформадаги таклифларни ўзаро таққослаб, ўзига мақбул вариантни танлаши мумкин.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳам алоҳида имтиёз назарда тутилган. Ижтимоий реестрга киритилган оилаларга MyCoal.uz платформаси орқали харид қилинган ҳар бир тонна кўмир учун 300 минг сўмдан компенсация берилади. Бир календарь йилида тўланадиган компенсациянинг умумий миқдори 600 минг сўмгача этиб белгиланган.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА