Қашқадарёда қонунбузилишига йўл қўйган 2 минг 800 дан ортиқ мансабдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилган
Бу ҳақда Бизнес-омбудсман девони ташаббуси билан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун “Ишончли ҳимоя – эркин тадбиркорлик: Қашқадарё тажрибаси” мавзусида ташкил этилган пресс-турда таъкидлаб ўтилди.
Қайд этиш лозимки, Бизнес-омбудсман тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда тақдимнома, хулоса ва огоҳномалар киритиш, мансабдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш каби таъсир чораларини қўллайди. Шунингдек, судларда тадбиркорлар манфаатини ҳимоя қилиш, улар номидан давлат божисиз даъво аризалари киритиш ваколатига ҳам эга.
Айниқса, рақамлаштириш жараёнлари бу борада самарадорликни оширмоқда. “Ягона давлат назорати” ҳамда “Тадбиркор виртуал офиси” ахборот тизимлари орқали тадбиркорлар фаолиятидаги текширувлар қонунийлиги масофадан мониторинг қилиниб, мурожаатлар бўйича тезкор ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда.
Рақамларга мурожаат қилсак, 2025 йилда тадбиркорлар томонидан келиб тушган 17 минг 62 та мурожаатнинг 85 фоизи ижобий ҳал этилган. Мурожаатларнинг асосий қисми солиқ, банк-кредит, ер-кадастр, инфратузилма, суд қарорлари ижроси ва текширувлар билан боғлиқ масалаларга тўғри келади.
[gallery-28481]
Шунингдек, 3 минг 241 та таъсир чораси қўлланилиши натижасида 220 та маъмурий ҳужжат бекор қилинган, 16 миллиард сўмга яқин асоссиз ундирилган маблағлар қайтарилган, 10 миллиард сўмлик даъво аризалари қаноатлантирилган ҳамда 40,1 миллиард сўмлик субсидия ажратилиши таъминланган. Қонунбузилишига йўл қўйган 2 минг 800 дан ортиқ мансабдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилган.
Пресс-тур доирасида журналистлар вилоятда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари билан танишиб, уларнинг амалий фаолияти ва эришган натижаларини ўрганди.
Шунингдек, тадбир иштирокчилари Бизнес-омбудсман девонининг суд жараёнларидаги иштирокини ҳам бевосита кузатиш имконига эга бўлди. Хусусан, тадбиркор манфаатини кўзлаб киритилган апелляция шикояти суд томонидан қаноатлантирилиб, адолатли қарор қабул қилинди.
Умуман олганда, мазкур пресс-тур тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар самарасини намоён этиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, шунингдек, давлат органлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари