Қашқадарёда 2500 нафардан ортиқ ходим давлат тилида иш юритиш бўйича малака оширди
Давлат тилининг нуфузини ошириш, унинг меъёрларига иш юритиш жараёнида тўлиқ амал қилиш ҳамда давлат хизматчиларининг саводхонлигини юксалтириш муҳим вазифалардан ҳисобланади. Бу борада Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказининг ҳудудий бўлинмалари фаолият олиб бормоқда.
Марказ Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 3 мартдаги қарори асосида ташкил этилган бўлиб, унинг ҳудудий бўлинмалари Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда фаолият юритмоқда.
Жумладан, марказнинг Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлинмасида давлат хизматчилари учун «Ўзбек адабий тили меъёрлари ва давлат тилида иш юритиш» курси йўлга қўйилган. Бугунги кунга қадар вилоятда 2500 нафардан ортиқ ходим мазкур курсларда малака оширди. Шунингдек, аҳоли учун «Ўзбек адабий тилининг ёзма нутқ меъёрлари» курси бепул ўтказилмоқда.
– Асосий мақсадимиз давлат тилини барча соҳаларда кенг жорий этиш ва иш юритишда ўзбек адабий тили меъёрларига тўлиқ амал қилинишига кўмаклашишдан иборат. Шу мақсадда давлат ташкилотлари ходимларининг малакасини ошириш билан бирга, аҳоли учун ҳам ўқув курсларини ташкил этмоқдамиз, – дейди марказнинг вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари Эркин Турсахатов.
[gallery-31942]
Марказ томонидан давлат тили меъёрларига риоя этишни оммалаштиришга қаратилган электрон платформалар имкониятларидан ҳам фойдаланилмоқда. Жумладан, Milliynom.uz платформаси орқали тадбиркорлар ўз объектлари учун давлат тили меъёрларига мос ном танлашлари мумкин. Ҳозирга қадар платформага 100 мингдан ортиқ ном киритилган.
Шунингдек, tilbilig.uz сайтида аудиодиктант ва эссе намуналари жойлаштирилган. Ушбу манбалар асосида ташкилотларда оммавий диктант тадбирлари ўтказилиб, ходимларнинг ёзма саводхонлигини оширишга эътибор қаратилмоқда.
Бу йўналишдаги ишлар давоми сифатида жорий йил 20 октябрь куни «Давлат тили тараққиёти: муаммо ва ечимлар» мавзусидаги илмий-амалий анжуман олтинчи бор ўтказилади. Шунингдек, «Саводхон ташкилот – саводли жамият» шиори остида оммавий диктант тадбирлари ҳам давом эттирилади.
Жамшид НОРҚОБИЛОВ (сурат+видео), ЎзА