Қарздорнинг газ қуйиш шохобчаси 8 млрд сўмга сотилди, 3 млрд сўмлик солиқ қарзи ундирилди
Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида қарздорга тегишли метан газ қуйиш шохобчаси электрон онлайн-аукцион орқали сотилиб, давлат олдидаги кўп миллиард сўмлик қарз тўлиқ қопланди.
Маълум қилинишича, Мажбурий ижро бюросининг Қўқон шаҳар бўлими томонидан олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида қарздор А. Сулаймоновга тегишли мол-мулк электрон онлайн-аукционга чиқарилган.
Бунга қарздорнинг 2 млрд 946 млн сўмлик солиқ қарзи ҳамда 58,9 млн сўм ижро йиғимини қонунчиликда белгиланган муддатда ихтиёрий равишда тўламагани сабаб бўлган.
Аукцион якунларига кўра, метан газ қуйиш шохобчаси қарийб 8 млрд сўмга сотилди. Савдодан тушган маблағ ҳисобидан 3 млрд 5 млн сўмдан ортиқ солиқ қарзи ва ижро йиғими тўлиқ қопланди.
Қайд этилишича, қолган маблағ бошқа ҳақдорларнинг талабларини қондиришга йўналтирилди. Натижада жами 3 млрд 5 млн 34 минг 444 сўм маблағ ундирилиб, ижро ҳужжатининг ижроси тўлиқ таъминланди.