“Қанча сув олдик, қанчасини тежадик ва нима маҳсулот олдик?”– сув хўжалигида янги давр талаби
Тўртинчи устувор мақсад
Бугунги кунда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бутун дунёда стратегик аҳамиятга эга глобал масалага айланди. Эндиликда сув фақат қишлоқ хўжалигининг оддий ишлаб чиқариш ресурси эмас, балки озиқ-овқат хавфсизлиги, аҳоли фаровонлиги, экологик мувозанат ва мамлакатнинг барқарор тараққиётини белгиловчи энг бош омилдир.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали маросимда юртимиз ривожининг устувор миллий мақсадларини эълон қилар экан, тўртинчи муҳим йўналиш сифатида сув ва табиатга бўлган муносабатни тубдан ўзгартириш зарурлигини алоҳида таъкидлади. Хусусан, келаси беш йил ичида экин майдонларида сув тежовчи технологиялар қамровини 100 фоизга етказиш устувор вазифа этиб белгиланди.
Бу вазифалар Сув хўжалиги вазирлиги тизими олдига қандай янги талабларни қўймоқда? Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар халқаро мезонларга қай даражада мос? Сув ресурсларидан фойдаланишда сўнгги йилларда қандай сифат ўзгаришлари юз берди?
ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари – Сув хўжалиги объектларини эксплуатация қилиш агентлиги директори Зокир Ишпўлатов билан шу ҳақда суҳбатлашди.
– Давлатимиз раҳбари томонидан қўйилган вазифалардан келиб чиқиб, соҳадаги энг устувор йўналишларни белгилаб олдик. Аввало, даланинг ўзида сув тежамкорлигини кескин оширишимиз керак, – деди Зокир Ишпўлатов. – Бунда, замонавий ресурс тежамкор технологиялардан кенг кўламда фойдаланиш энг самарали ва оптимал усул хисобланади. Хусусан, 2025 йил якуни билан 664,3 минг гектарда томчилатиб, 121,3 минг гектар ёмғирлатиб, 73,0 минг гектарда дискрет суғориш технологияси жорий этилган бўлса, 1,6 миллион гектар ер майдонларида лазерли текислаш ишлари амалга оширилди. Натижада сувни тежайдиган технологиялар кўлами суғориладиган майдонларнинг 61 фоизига етказилди. Энди бу кўрсаткични изчил ошириб бориш талаб этилади.
Иккинчи муҳим вазифа – сувни манбадан далагача бўлган масофада имкон қадар йўқотишларсиз етказишдир. Бунинг учун магистрал ва хўжаликлараро каналларни бетонлаштириш, зарурат мавжуд ҳудудларда ёпиқ қувурли тармоқларга ўтиш ҳамда гидротехник иншоотларни реконструкция қилиш ишлари изчил давом эттирилади. Чунончи, биргина 2026 йилнинг ўзида 1 минг 300 километр йирик магистрал каналларни бетон қопламага ўтказиш орқали йилига қўшимча 500 миллион куб метр сувни иқтисод қилиш мақсад қилинган.
Учинчидан, сувнинг ҳар бир куб метрини қатъий ҳисобга олиш тизимини яратиш лозим. Шу боис, сув ресурсларини рақамли ҳисобга олиш, автоматлаштирилган бошқарувни кенг жорий этиш, “ақлли” сув ўлчаш постлари ва SCADA тизимлари қамровини кенгайтириш соҳанинг энг устувор вазифаларидан бири бўлиб қолади. Зеро, аниқ ҳисоб-китобсиз сувдан фойдаланиш самарадорлиги ва тежамкорлигини холис баҳолаш асло имконсиздир.
Тўртинчидан, сув сиёсати экологик сиёсат билан ҳамоҳанг олиб борилиши шарт. Биз дарёлар, кўллар, ер ости сувлари, тупроқ ва яшил ҳудудларга ягона, узвий экотизим сифатида қарашимиз зарур. Яъни, бундан буён ёндашувимиз сувдан фақат истеъмолчи сифатида фойдаланишдан иборат бўлмай, уни асраш, табиий манбаларини тиклаш ва келажак авлодларга безиён етказиш масъулиятига асосланиши лозим.
– Соҳада амалга оширилаётган ишларни халқаро стандартлар асосида таҳлил қилсангиз, кўзланган мақсадларга қай даражада эришяпмиз?
– Халқаро амалиётда сув ресурсларини замонавий бошқаришнинг бир нечта асосий мезонлари мавжуд. Булар – ҳавза тамойили асосида бошқарувни йўлга қўйиш, сувнинг аниқ ҳисобини юритиш, инфратузилмадаги йўқотишларни камайтириш, сув ва энергия самарадорлигини ошириш, соҳани рақамлаштириш ва экологик барқарорликни таъминлашдан иборат. Ана шу мезонлар нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, Ўзбекистонда кейинги йилларда залворли ютуқларга эришилди.
Энг аввало, соҳа бошқарувининг ҳуқуқий ва институционал асослари янгиланмоқда. Сув кодексининг қабул қилиниши, республика ва ҳавзалар даражасида сув кенгашларининг ташкил этилиши, сувдан фойдаланувчилар ва сув етказиб берувчиларнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари аниқ белгиланиши бошқарув тизимини халқаро амалиётга янада яқинлаштирди. Сув хўжалиги соҳасини рақамлаштириш доирасида 10 та ахборот тизими ишлаб чиқилиб, уларни ягона ахборот базасига бирлаштириш мақсадида “Сув хўжалиги ягона платформаси” яратилди.
Сув ресурсларини ҳисобга олиш ва назорат қилиш мақсадида 13 305 та “Ақлли сув” қурилмаси, ер ости сизот сувлари сатҳи ва минераллашув даражасини онлайн назорат қилиш учун 12 809 та мелиоратив кузатув қудуғига “Дайвер”, шунингдек, 1 914 та насос станциясига сув ҳисоблаш қурилмалари ўрнатилди. Бундан ташқари, 108 та йирик сув хўжалиги объектини автоматлаштириш ишлари амалга оширилди.
Айни пайтда сув хўжалигида рақамлаштириш кўламини янада кенгайтириш бўйича ишлар изчил давом эттирилмоқда. Республика ва вилоятлар чегараларида сув ресурсларини онлайн ҳисобга олиш мақсадида 272 та онлайн сув ҳисоблаш қурилмаси ўрнатилмоқда. Шунингдек, туманлараро сув ресурсларини назорат қилиш учун 1 895 та онлайн сув ҳисоблаш қурилмаси, 1 698 та насос станциясидаги 5 204 та насос агрегатига сув ва электр энергияси ҳисоблагичларини ўрнатиш бўйича лойиҳа ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур рақамли ечимлар сув тақсимоти ва ҳисобининг аниқлиги, тезкорлиги ҳамда шаффофлигини оширишга хизмат қилмоқда.
2025-2028 йилларга мўлжалланган дастурда ирригация тармоқларининг фойдали иш коэффициентини 0,67 дан 0,75 гача ошириш, бетон қопламали каналлар улушини 39 фоиздан 47 фоизга етказиш каби аниқ самарадорлик кўрсаткичлари белгиланган.
Соҳадаги ислоҳотлар халқаро молия институтлари томонидан ҳам қўллаб-қувватланмоқда. Жумладан, Жаҳон банки иштирокида 2025 йилда тасдиқланган лойиҳа доирасида 259 километр йирик канални модернизация қилиш, SCADA тизимлари ва сув ўлчагичларни жорий этиш орқали йилига қарийб 540 миллион куб метр сув ҳамда 165 миллион кВт·соатдан ортиқ электр энергиясини тежаш кўзда тутилган. Албатта, бу натижалар барча муаммолар ҳал қилинди, дегани эмас. Ҳали эскирган ирригация тармоқлари, фильтрация орқали сув йўқотишлари, айрим ҳудудларнинг насосларга юқори даражада боғлиқлиги, жойларда сув ҳисобини тўлиқ рақамлаштириш каби вазифалар мавжуд. Шу маънода айтиш мумкинки, йўналишимиз тўғри, натижаларимиз сезиларли. Лекин олдимиздаги вазифалар кўлами ҳам ҳали жуда катта.
– Давлатимиз раҳбари тўртинчи мақсад сифатида эътироф этган сув ва табиатга муносабатни тубдан ўзгартириш масаласи нимаси билан долзарб?
– Бу масаланинг нақадар долзарблигини рақамларнинг ўзи кўрсатиб турибди. Ўзбекистонда мавжуд сув ресурсларининг қарийб 90 фоизи қишлоқ хўжалигида сарфланади. Шу билан бирга, мамлакатимиз фойдаланадиган сув ресурсларининг асосий қисми трансчегаравий манбалар ҳисобидан шаклланади. Иқлим ўзгариши эса мавжуд вазиятни янада мураккаблаштирмоқда. Шундай шароитда Президентимизнинг “сув ва табиатга муносабатни тубдан ўзгартириш” ғоясини фақат янги технологияларни жорий этиш билан чеклаб бўлмайди. Бу, энг аввало, тафаккур ва муносабатни ўзгартириш муҳимдир. Авваллари сув етарли ресурсдек қабул қилинган бўлса, бугун ҳар бир куб метр сувнинг иқтисодий ва экологик қиймати борлигини, унинг ортида келажак авлодлар олдидаги масъулият турганини англашимиз зарур.
Давлатимиз раҳбари ҳам табиатга муносабатни халқнинг маданияти, давлатнинг масъулияти ва тараққиёт сифатининг муҳим кўрсаткичи сифатида баҳолади. Шу боис сувни тежаш маданиятини фақат фермер ёки сув хўжалиги ходимлари орасида эмас, балки саноат корхоналари, маҳаллалар ва ҳар бир хонадонгача олиб киришимиз керак. Сувни тежаш кундалик ҳаётимиз ва ишлаб чиқариш маданиятимизнинг ажралмас қисмига айланиши лозим.
– Сўнгги ўн йилликда сув ресурслари билан боғлиқ эришилган энг юқори натижаларни айтсангиз?
– Энг катта натижани, аввало, сув тежамкорлиги давлат сиёсати даражасига кўтарилганида деб билиш мумкин. Рақамларга мурожаат қилсак, 2017 йилда сув тежовчи технологиялар бор-йўғи 28 минг гектар майдонда қўлланилган бўлса, 2025 йил якунига келиб, бу кўрсаткич 2,6 миллион гектарга, яъни суғориладиган майдонларнинг 60 фоизига етди. Фақат 2025 йилнинг ўзида сув тежовчи технологияларни қўллаш ҳисобига 2,3 миллиард куб метр сув тежалди.
Иккинчи катта натижа – сув хўжалигини рақамлаштириш жараёнининг бошлангани. Илгари сув миқдорини кўп ҳолларда жойига бориб ўлчашга тўғри келган бўлса, бугун минглаб нуқталарда маълумотларни масофадан туриб олиш имконияти яратилди. Бу нафақат тезкорликни, балки сув ҳисобининг аниқлиги ва шаффофлигини ҳам оширмоқда.
Учинчи муҳим натижа – каналларни бетонлаштириш ва ирригация инфратузилмасини янгилаш ишларининг кўлами кескин кенгайгани. Республикамиздаги мавжуд 4,3 миллион гектар суғориладиган ер майдонларига сув етказиб беришда 174 минг километр суғориш тармоқларидан фойдаланиб келинмоқда.
2025 йилда магистрал ва хўжаликлараро каналларнинг 561,4 километр қисми ҳамда “Сув етказиб бериш хизмати” муассасалари тасарруфидаги каналларнинг 4,3 минг километр қисми бетонлаштирилди. Шунингдек, фермер ва кластерларнинг 18,7 минг километр ички суғориш тармоқларида ҳам бетонлаш ишлари амалга оширилди.
Бу ишлар жорий йилда ҳам изчил давом эттирилаётган бўлиб, 1,3 минг километр магистрал ва хўжаликлараро каналларни бетонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, фермер ва кластерлар томонидан 20 минг километрдан ортиқ ички суғориш тармоқларида бетонлаш ишлари бажарилди.
Энг муҳими, ўн йил аввал асосий вазифа сувни қандай қилиб етиштирувчига етказиб бериш бўлган бўлса, бугун ёндашув ўзгармоқда. Энди “қанча сув олдик, қанчасини йўқотдик, қанчасини тежадик ва бир куб метр сувдан қанча маҳсулот олдик?” деган мезонлар биринчи ўринга чиқяпти.
– Мамлакатимизда янгидан-янги турар жойлар ва экин майдонлари ташкил этилаётганининг сув ресурсларига таъсири қандай?
– Албатта, аҳоли сонининг ўсиши, янги шаҳарлар ва турар жой массивлари барпо этилиши, саноат корхоналари ҳамда қишлоқ хўжалиги майдонларининг кенгайиши сувга бўлган талабни оширади. Бу табиий жараён. Аммо бу ерда бир муҳим жиҳатни ҳисобга олиш керак: мамлакатимизда ишлатилаётган сувнинг қарийб 90 фоизи қишлоқ хўжалиги ҳиссасига тўғри келади. Демак, сув балансига энг катта таъсир, биринчи навбатда, суғориладиган деҳқончиликдаги самарадорликка боғлиқ.
Шунинг учун янги экин майдони ташкил қилиш шунчаки қўшимча сув талабини юзага келтириш дегани бўлмаслиги керак. Янги майдонлар кафолатланган сув манбаси, аниқ сув баланси ва замонавий сув тежовчи технологиялар билан биргаликда режалаштирилиши зарур. Бошқача айтганда, бир гектар янги майдонни ўзлаштиришдан олдин унинг суви қаердан олиниши, қанча сув талаб қилиниши ва бу сувдан қай тарзда самарали фойдаланилиши аниқ ҳисоб-китоб қилиниши шарт.
Янги турар жой массивларида ҳам худди шундай ёндашув талаб этилади. Ичимлик суви тармоқларидаги йўқотишларни камайтириш, замонавий ҳисоблагичларни кенг қўллаш, оқова сувларни тозалаш ва техник эҳтиёжлар учун қайта ишлатиш, яшил ҳудудларни сув тежамкор усулларда суғориш каби чоралар муҳим аҳамиятга эга.
Хулоса қилиб айтганда, бугун сувга муносабатни тубдан ўзгартириш – давр талаби. Энди ҳар бир куб метр сувга шунчаки табиий ресурс эмас, балки иқтисодий тараққиёт, экологик барқарорлик ва келажак авлодлар манфаати билан боғлиқ бебаҳо неъмат сифатида қарашимиз зарур. Сувни тежаш, уни аниқ ҳисобга олиш, замонавий технологиялар асосида самарали бошқариш ва йўқотишларни камайтириш нафақат сув хўжалиги тизимининг, балки бутун жамиятнинг умумий вазифасига айланиши керак. Шуни унутмайлик, бугун асралган ҳар бир томчи сув – эртанги кун барқарорлиги, фаровонлиги ва келажагига қўшилган муҳим ҳиссадир.
ЎзА мухбири
Абдулазиз РУСТАМОВ
суҳбатлашди