Қалам тутган мулозимлар: Ўрта асрларда котиблар қандай фаолият юритган?
XI–XII асрларда шаклланган девонхона ва котиблик маданияти давлат бошқаруви, солиқ тизими ва ҳужжат айланишини тартибга солувчи мураккаб маъмурий механизм бўлган.
Ўрта асрлар давлатчилик тарихида марказий ва маҳаллий бошқарув тизимининг узлуксиз ишлаши девонхона фаолиятига, хусусан, девони иншо ва девони туғро тузилмаларига таянган. Салжуқийлар салтанати даврида Низомулмулк томонидан мустаҳкамланган маъмурий қоидалар кенг ҳудудларда, шу жумладан Турон шаҳарларида ягона расмий иш юритиш талабларини жорий этган. Ушбу даврга оид ҳужжатчилик тажрибаси, девон ходимларининг мартабалари ва расмий ёзишмалар тартиби шарқшунос олим В.М.Бейлис томонидан тадқиқ этилган Масъуд ибн Намдорнинг ёзма меросида батафсил ёритилган. Мазкур қўлёзмалар мажмуаси фақат адабий манба эмас, балки амалдорларнинг вазифалари, солиқ йиғиш механизмлари ҳамда дипломатик муносабатларни тартибга солувчи қоидалар тўплами сифатида муҳим аҳамият касб этади.
Давлат девонида хизмат қилувчи котиблар нафақат ҳужжат матнини тузиш, балки молиявий ҳисоб-китоблар, ер эгалиги ва хазина кирим-чиқимини аниқ қайд этиш кўникмасига эга бўлиши шарт эди. Тадқиқотчи В.М.Бейлис кузатишларига кўра, девон амалдорлари орасида муставфий, мушриф, омил ва амид каби лавозимларнинг ваколат доираси қатъий белгиланган. Муставфий молиявий ҳисоботларни текширган бўлса, мушриф хазина ва ижро назоратини олиб борган, омил эса муайян ҳудуддан солиқ йиғиш учун масъул бўлган. Масъуд ибн Намдор ўз битикларида маҳаллий бошқарувдаги ана шу хизмат поғоналарини, ходимларнинг ҳуқуқий мақомини ҳамда девон бошлиқларига йўлланган расмий ариза ва тавсифномаларни аниқ сақлаб қолган.
Девон амалиётида “иншо” деб аталган расмий ёзишмалар услуби алоҳида қолипларга асосланган. Ҳар бир расмий фармон, тайинлов ёрлиғи ёки вилоят ҳокимларига йўлланган кўрсатмада муайян кириш, асосий масала ва якуний қарор бўлими мавжуд бўлган. Ушбу талаблар ҳужжатларнинг сохталаштирилишига йўл қўймаслик ва давлат қарорларининг аниқ ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган. Масъуд ибн Намдор қайдларида кўрсатилганидек, Низомулмулкнинг ўғиллари ва бошқа марказий вазирлар девонида хизмат қилган котиблар мактубларни тузишда мантиқий изчиллик, аниқ маъмурий атамалар ва ихчам ифода усулларини қўллаган. Ҳужжат матнида қўлланилган ҳар бир атама муайян ҳуқуқий оқибатга эга бўлиб, ер тақсимоти, сувдан фойдаланиш ёки шаҳар божларини ундириш тартибини белгилаган.
Самарқанд, Бухоро ва Марв каби йирик маъмурий марказларда фаолият юритган девонхоналарда ҳам ушбу қоидаларга тўлиқ амал қилинган. Султон Санжар даврида Марвдаги муставфийга йўлланган расмий хатлар котибларнинг нафақат давлат ҳужжатчилигини, балки мураккаб баён санъатини ҳам пухта эгаллаганини кўрсатади. Бу эса ҳужжатларнинг муайян эстетик ва расмий қатъият касб этишини таъминлаган. Ҳужжатлар махсус ишлов берилган Самарқанд қоғозига хаттотлар томонидан битилган, тегишли девон бошлиғининг шахсий муҳри ёки туғроси билан тасдиқлангач, карвон йўллари орқали тезкор чопарлар воситасида манзилга етказилган.
Масъуд ибн Намдор тўпламида маҳаллий бошқарувдаги низолар, шаҳар аҳолиси билан муносабатлар ва солиқ ижараси масалалари ҳам акс эттирилган. Олим В.М.Бейлис ўз тадқиқотида таъкидлаганидек, котибларнинг ёзиб қолдирган маълумотлари давлат амалдорларининг кундалик муаммолари, хизмат бурчи ва маъмурий тартиб-интизомга муносабатини тушунишга ёрдам беради. Ҳужжатларда ноқонуний солиқ ундириш ҳолатларига қарши чоралар, аҳоли шикоятларини девонда кўриб чиқиш тартиби ва мансабдорларнинг ҳисобдорлиги масалалари ҳам қайд этилган.
ХI–XII асрлар девон тизими ва ҳужжатчилик қоидалари кейинги даврларда ҳам давлат бошқарувининг муҳим пойдевори бўлиб хизмат қилди. Ушбу тарихий матнлар ўрта асрлардаги девонхона анъаналари, ҳуқуқий меъёрлар ва маъмурий пиллапоянинг қандай ташкил этилганини далиллар асосида кўрсатиб беради.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади,
ЎзА