Путиннинг аралашуви билан Тоғли Қорабоғда уруш тўхтатилди
Россия Президенти Владимир Путин, Озарбайжон Президенти Илҳом Aлиев ва Aрманистон Бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиш тўғрисида қўшма баёнот имзоладилар.
Тоғли Қорабоғда тўлиқ сулҳ 2020 йил 10 ноябрь куни Москва вақти билан 00:00 да бошланди.
Музокараларда Владимир Путин Тоғли Қорабоғ атрофидаги инқирозни арман ва озарбайжон халқлари манфаатлари йўлида ҳал қилиш учун зарур шарт-шароитларни яратиб беришидан ҳар томонлама манфаатдор эканлигини қайд этди.
Россия президентининг Кремл веб-сайтида эълон қилган баёнотида, келишувда уруш натижасида уй-жойини ташлаб кетган қочқинларни Тоғли Қорабоғ ҳудудига ва унга қўшни ҳудудларга БМТ Олий Комиссарлиги назорати остида қайтариш, шунингдек, ҳарбий асирларни ва вафот этганлар жасадларини алмашиш назарда тутилган.
Бундан ташқари, минтақада барча иқтисодий алоқалар ва транспорт йўналишлари ёпилади ва транспорт коммуникациялари устидан назорат Россия чегара хизмати маъмурлари ёрдамида амалга оширилади.
Владимир Путин, шунингдек, Россия Федерациясининг тинчликпарвар контингенти Тоғли Қорабоғдаги алоқа линияси бўйлаб ва минтақани Aрманистон билан боғлайдиган йўлак бўйлаб жойлаштирилишини таъкидлади.
Барчамизга маълумки, Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатлар 27 сентябрь куни бошланиб, томонларни яраштиришга қаратилган барча саъй-ҳаракатлар самарасиз бўлиб келаётганди.
Россия президенти Путин ўз чиқишларидан бирида "Ушбу можарода минтақада яшовчи барча одамларга мос келадиган натижага эришиш керак. Бундан кейин ҳам Россия Жанубий Кавказдаги ва ўзига чегарадош бўлган бошқа ҳудудлардаги, ҳар қандай можароларни имкон қадар тезроқ тугатиш учун қўлидан келган барча ишни қилади", деб фикр билдирган.