Путин G20 саммитида қатнашадими? (+видео)
АҚШ Владимир Путинни Майамида бўлиб ўтадиган G20 саммитига расман таклиф қилди. ЕИ эса ўз позициясини ўзгартирмаслиги, Россия ва Украина урушига муайян баҳо беришини билдирди. Бу ҳақда "Euronews" хабар тарқатган.
Путин юқори даражадаги ушбу форумда иштирок этиш таклифини қабул қилиш ёки қилмаслигидан қатъи назар, Европа Иттифоқи Майамида бўлиб ўтадиган навбатдаги G20 саммитидан Россия ва Украина урушини яна бир бор қоралаш учун фойдаланмоқчи.
ЕИ G20нинг тўлақонли аъзоси, тадбирда Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен ва Европа кенгаши раиси Антониу Кошта иштирок этади.
– G20 мавжуд ва пайдо бўлаётган глобал муаммоларни муҳокама қилиш учун муҳим майдон ҳисобланади, – деди ЕК расмий вакили ўринбосари Олаф Гилл. – Айрим масалалар Россия – Украина уруши билан бевосита боғлиқ. 2022 йилдан бери ЕИ G20 доирасидаги учрашувлардан мазкур низони изчил ва қатъий қоралаш ҳамда тўхтатишни талаб қилиш учун фойдаланиб келмоқда. Айтиш мумкинки, ЕИ ёндашуви G20 муайян учрашувида ким иштирок этишидан қатъи назар, ўзгармайди.
Давлат котиби Марко Рубио АҚШ раислик қилаётган G20 саммитига Владимир Путинни расман таклиф қилганини тасдиқлади. Анжуманни Президент Дональд Трамп Майамидаги ўзининг гольф курортида ўтказади.
– Бу нафақат Президент, балки бошқа дунё етакчилари билан ҳам мулоқот қилиш учун имконият, – деди Рубио. – Путин таклифни қабул қилишидан умидвормиз. Бизга жавобан Кремль таклифдан миннатдорлиги ва бундай муносабатни юқори баҳолашини билдириб, имкониятни синчиклаб ўрганишини маълум қилди.
Путин уруш бошланганидан бери G20 саммитларида иштирок этмаяпти. У охирги марта 2019 йил Осакада ўтган тадбирда шахсан қатнашган, 2020 ва 2021 йилларда эса видео конференция орқали чиқиш қилган.
Айни хабар Европада хавотир уйғотди. Қитъа давлатлари раҳбарлари Путин ва унинг атрофидаги шахсларни халқаро миқёсда ихоталашга изчил ҳаракат қилиб келмоқда. Трамп маъмурияти эса бу стратегияга амал қилмай, Россия юқори даражадаги учрашувларда иштирок этишини қўллаб-қувватлаяпти.
Айни пайт Украина Президенти Владимир Зеленский Майамидаги саммит Трамп ва Путин билан анчадан бери таклиф қилиб келаётган уч томонлама учрашувни ўтказиш учун имконият бўлиши мумкинлигини билдирди.
Кенжа Бекжонов, Улуғбек Тўхтаев, (видео) ЎзА