Халқаро конгресс марказида Президент Шавкат Мирзиёев энергетика соҳасидаги объектлар ва лойиҳаларни ишга тушириш маросимида нутқ сўзлади.
–Яқинда Бразилияда ўтган CОП-30 иқлим конференциясида биз ўз ташаббусимиз билан Париж битими доирасида муҳим мажбуриятни зиммамизга олдик. Яъни 2035 йилгача зарарли газлар эмиссиясини 50 фоизга қисқартиришни олдимизга мақсад қилиб қўйдик, – деди Президентимиз.
Бу борада Жаҳон банки билан дунёда илк инновацион “ICRAFT” лойиҳаси бошланди. Унинг доирасида Ўзбекистон томонидан камайтирилган 23 миллион тонна иссиқхона гази ҳисобга олинди. Халқаро даражада углерод бирликлари савдосини амалга оширишга киришилди.
Шу йилнинг ўзида 17 та йирик саноат корхонаси “яшил” энергия бўйича халқаро сертификатлар тизимига ўтди. Келгуси икки йилда бундай корхоналарнинг сони 100 тага етказилади.
Президентимиз қўшни давлатлар билан ягона энергетика бозорини яратиш бўйича шериклик мустаҳкамланганини қайд этди.
–Минтақамизнинг гидроэнергетика салоҳиятидан самарали фойдаланиб, биргаликда бошқариш мақсадида келгуси йили Қирғизистон ва Қозоғистон билан “Қамбар-ота ГЭС-1” лойиҳасини молиялаштиришга киришамиз.
Шу ўринда Европага электр энергиясини экспорт қилиш бўйича “яшил йўлак” лойиҳаси доирасида яқиндан ҳамкорлик қилаётган Озарбайжон ва Қозоғистон раҳбариятининг қатъий саъй-ҳаракатларини алоҳида эътироф этмоқчиман,– деди Президентимиз.
ЎзА