Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг навбатдаги йиғилишлари бўлиб ўтди. Уларда бир қатор қонун лойиҳалари қизғин муҳокама қилинди.
ЎзЛиДеП фракциясининг йиғилишида дастлаб давлатимиз раҳбарининг Жиззах вилоятига амалга оширган ташрифи ҳақида сўз юритилди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари дастлаб Зомин технопарки махсус саноат зонасини бориб кўрди. Бу мажмуа қурилишини ўтган йил 27 июнда давлатимиз раҳбари бошлаб берган эди. 400 гектарда барпо этилаётган технопаркда хитойлик инвесторлар билан биргаликда 1 миллиард 200 миллион долларлик 31 та лойиҳа амалга оширилади.
Ўтган даврда зарур инфратузилма ва иншоотлар барпо этилди. Яқинда илк корхона — “Xinjiang Honglin Tiandi” компанияси томонидан қиймати 10 миллион долларлик бетон маҳсулотлари тайёрлаш лойиҳаси ишга туширилди. 60 кишининг бандлиги таъминланди. Айни кунларда 42 миллион долларлик иккинчи лойиҳа бўйича ишлар якуний босқичда. Унда “Midea” бренди остида йилига 300 минг дона маиший электр техникалари ишлаб чиқарилади. 150 та иш ўрни очилади.

Шунингдек, Президентимиз Зомин туманида қурилаётган маиший техника заводини ҳам кўздан кечириб, инвесторларга кўмаклашиш, лойиҳаларни тезлаштириш бўйича кўрсатмалар берди. Саноат соҳаларига мос мутахассислар тайёрлаш, ёшлар бандлигини таъминлаш муҳимлигини таъкидлади. “Зомин технопарки”да режалаштирилган янги лойиҳалар тақдимоти билан танишди.
Йиғилишда фракция аъзолари давлатимиз раҳбарининг Жиззах вилоятига амалга оширган ташрифи давомида билдирган таклиф-ташаббуслари мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятини янада юксалтиришини қайд этдилар. Партия дастурий мақсад-вазифаларига ҳамоҳанг равишда бу борадаги вазифалар ижросига кўмаклашиш, парламент ва депутатлик назоратини амалга ошириш лозимлигини таъкидладилар.
Муҳтарама Комилова, ЎзА