Президент ташаббуслари – ёшлар келажаги учун мустаҳкам пойдевор
Муносабат
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 23 февраль куни ёшлар билан ўтказган мулоқотида илгари сурилган ташаббуслар, белгилаб берилган вазифалар олий таълим тизими учун аниқ стратегик йўналишларни кўрсатиб берди.
Президентимиз таъкидлаганидек, ёшларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, инновацион ғояларини амалга ошириши ва муносиб иш ўрнига эга бўлиши – давлат сиёсатининг устувор йўналишлари ҳисобланади. Бу ўз навбатида олий таълим муассасаларидан фақат рақам эмас, балки аниқ сифат ва барқарор натижаларга эришишни талаб этади.
Андижон давлат техника институтида бугунги кунда муҳандислик, ахборот технологиялари, энергетика, саноат ва бошқа устувор соҳалар бўйича 9 минг 889 нафар талаба таҳсил олмоқда. Жорий йилда 1 минг 991 нафар битирувчи институтни тамомлайди. Айни кунда битирувчи талабаларнинг 1 минг 97 нафари иш билан таъминланган. Бу кўрсаткич таълим жараёнининг меҳнат бозори талаблари билан уйғунлашганини кўрсатади.

Бандлик масаласини ҳал этишнинг энг самарали механизмларидан бири дуал таълим тизими ҳисобланади. Айни пайтда институтда 1 минг 250 нафар талаба ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорликда таҳсил олмоқда.
Ушбу тизим талабаларнинг амалий кўникмаларини шакллантириш, уларни иш муҳитига мослаштириш ва мутахассис сифатида тайёр ҳолда меҳнат бозорига чиқишини таъминлайди. Келгусида дуал таълим қамровини янада кенгайтириш, янги ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва амалиёт самарадорлигини ошириш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари учрашувда ёшларнинг инновацион ташаббусларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратди. Бу борада институтда ҳам аниқ амалий ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, “Келажакка қадам” дастури доирасида 2024-2025 ўқув йилида 26 та лойиҳага 2 миллиард 95 миллион сўм маблағ ажратилди. 2026 йилнинг дастлабки икки ойида эса 12 та лойиҳа молиялаштирилди, 4 та лойиҳа амалга ошириш босқичида.
Ёшлар сиёсати фақат таълим ва иқтисодий фаоллик билан чекланмайди. Жисмоний соғломлик ва маънавий барқарорлик ҳам муҳим омиллардан. Институтда ёшларнинг жисмоний фаоллигини ошириш ва саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида 18 та спорт тури билан мунтазам шуғулланиш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Айни пайтда 3 минг нафардан ортиқ талаба спорт клуби ва тўгаракларга жалб этилган.
Давлатимиз раҳбари томонидан берилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, институт атрофидаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи уюшмаган ёшларни ҳам спорт тўгараклари ва мусобақаларга жалб этиш орқали спорт билан шуғулланувчи ёшлар сонини 4 минг нафарга етказиш мақсад қилинган. Шунингдек, спорт турлари сонини 20 тадан ошириш бўйича иш олиб борилмоқда.
Президент ишончи юксак масъулиятдир. Ёшларга яратилаётган имкониятларни аниқ натижага айлантириш, ҳар бир талабанинг салоҳиятини юксалтириш, унинг келажагини таъминлаш – институт жамоасининг устувор вазифаси ҳисобланади.
Ушбу масъулиятни чуқур англаган ҳолда, белгилаб берилган вазифаларни астойдил ва изчил амалга ошириш учун барча имкониятларни сафарбар этиш энг олий бурч бўлмоғи лозим.
Умиджон Турдиалиев,
Андижон давлат техника институти ректори, профессор.
ЎзА.