Президент: бу олтин медалда жамоадаги ҳар бир аъзосининг меҳнати бор
Президент Шавкат Мирзиёев шахмат ва парашахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоалари аъзолари ҳамда уларнинг яқинлари билан учрашув ўтказмоқда.
Президентимиз Жавоҳир Синдоровга мурожаат қилиб, бир неча ой аввал унинг Номзодлар турниридаги тарихий ғалабаси нишонланганини эслади. Олимпиадада Жавоҳир яна совуққонлик ва барқарорлик кўрсатди, кучли рақиблар олдида ортга чекинмади.
– Энди олдингда яна бир улкан марра – жаҳон тожи учун беллашув турибди. Бугун ортингда нафақат жамоадошларинг ва устозларинг, балки қирқ миллионга яқин Ўзбекистон халқи турибди. Биз сенга ишонамиз! – деди давлатимиз раҳбари.
Йирик мусобақада илк бор иштирок этган Муҳиддин Мадаминов ҳал қилувчи кунда украиналик Роман Дехтярёвни қора доналарда мағлуб этиб, жамоамизга олтин медаль учун зарур очкони олиб келди. Мамлакатимиз етакчиси унинг ғайрати ва ғалабалари мухлислар кўнглидан жой олганини таъкидлади.
Шамсиддин Воҳидов ҳам умумий натижага муносиб ҳисса қўшди. Хусусан, у амалдаги жаҳон чемпиони Гукешга қарши қора доналарда тенгма-тенг курашиб, ўз салоҳиятини намоён этди.
– Бу олтин медалда жамоанинг ҳар бир аъзосининг машаққатли меҳнати ва улкан ҳиссаси бор, – деди Президентимиз.
Шахматчилар ҳақида ҳали китоблар ёзилиши, фильмлар яратилиши ва уларнинг ўйин услуби дарсликларга киришига ишонч билдирди.
ЎзА