Президент асарлари Ҳарвард университети кутубхонасига тақдим этилди
Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Барқарор ривожланиш маркази, Тошкент шаҳар хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш маркази ҳамда халқаро Business Diplomat миссияси вакилларидан иборат делегация АҚШга ташрифи доирасида Ҳарвард университетида бўлди.
Ташриф давомида делегация аъзолари университет фаолияти билан танишди. Шунингдек, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг инглиз тилида нашр этилган “Янги Ўзбекистоннинг “яшил” тараққиёт йўли” китоби, “Шавкат Мирзиёев — жаҳон миқёсидаги давлат ва сиёсат арбоби”, “Мустақиллик зафарномаси” ҳамда “Янги Ўзбекистон: тинчлик, инсонпарварлик ва бағрикенглик диёри” китоб-альбомлари университет кутубхонасига тақдим этилди.
Мазкур нашрларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, “яшил” тараққиёт ва экологик барқарорлик борасидаги ташаббуслар, мамлакатимизнинг ташқи сиёсати, мустақиллик йилларидаги тараққиёт йўли ҳамда бой маданий мероси ҳақида маълумотлар ўрин олган.

Ҳарвард университетининг ноёб китоблар ва қўлёзмаларга ихтисослашган Хоутон кутубхонаси (Houghton Library) вакили Кристина Жейкобсон (Christine Jacobson) тақдим этилган нашрлар Ўзбекистон ҳақидаги билимларни халқаро академик муҳитда кенгайтиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Ушбу ташаббус Ўзбекистон ва хорижий илмий-маърифий муассасалар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, мамлакатимизда кечаётган ўзгаришлар ва миллий тараққиёт тажрибасини халқаро жамоатчиликка кенгроқ таништиришга қаратилган.

ЎзА