Пойтахт аҳолиси муаммолари ҳал этилмоқда
Президент Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган аҳоли мурожаатлари ҳамда уйма-уй юриб ўрганишлар натижасида аниқланган муаммоларга ечим топиш, жойларда «Обод хонадон», «Обод кўча» ва «Обод маҳалла» мезонларини жорий этиш мақсадида тузилган Республика ишчи гуруҳи ўз фаолиятини Тошкент шаҳрида давом эттирмоқда.
Ишчи гуруҳга Президент Администрацияси, Халқ қабулхоналари, Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг масъул ходимлари ҳамда яна 13 та вазирлик ва идоралар ҳамда вилоят, туман ва шаҳар секторлари, соҳавий ташкилотлар раҳбарлари киритилган.
Аниқланган муаммоларни ҳал этиш мақсадида уч кун давомида қатор амалий ишлар бажарилди.

Жумладан, йўл, коммуникация тармоқлари, инфратузилма ҳолатини яхшилаш учун Бектемир ва Яшнобод туманларида ички йўлларнинг 4 км.га яқин қисми асфальт қилинди.
Электр таъминотини яхшилаш мақсадида 88 бетон устун ўрнатилди, 1,8 км тармоқ тортилиб, иккита трансформатор ўрнатилди. Ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 1,3 км сув қувури ва 12 та сув қудуғи жорий таъмирланди.
Юнусобод, Чилонзор, Миробод туманларида ичимлик суви қувурларида юзага келган носозликлар бартараф этилди. Газ таъминоти бўйича 5 км газ қувури ётқизилди, 3 та газ тақсимлаш пункти таъмирланди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда кўмакка муҳтож аҳоли қатламини ижтимоий муҳофаза қилиш масалалари ҳам Республика ишчи гуруҳи эътибор марказида бўлди.
Хусусан, тадбиркорлик ва ўзини ўзи банд қилиш мақсадида фаолиятини бошламоқчи бўлган ишсиз, шу жумладан, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган 34 нафар фуқарога фаолиятини бошлаш учун 294,4 миллион сўмлик асбоб-ускуна ва меҳнат қуроллари субсидия асосида олиб берилди.

“Саховат ва кўмак” жамғармасидан “Темир дафтар” рўйхатидаги 14 нафар фуқарога ва эҳтиёжманд оилаларга жами 364 миллион сўмлик қуёш панели ўрнатишга маблағ ажратилди.
“Аёллар дафтари”даги 278 нафар хотин-қизга 449,4 миллион сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. “Ёшлар дафтари”даги 68 нафар фуқарога 238 миллион сўмлик ёрдам кўрсатилди.
Ишлар давом этмоқда.
ЎзА