Пора берган шахс қўлга олинди
Марғилон шаҳар ички ишлар органлари пробация гуруҳи ҳисобида турувчи Х.Б исмли шахс яхши хулқи билан ўзини кўрсатиш ўрнига жиноятга қўл урди. Пробация гуруҳи инспектори Б.И.га мурожаат қилиб, унга енгиллик қилиб бериш эвазига 500 минг сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида таклиф қилган. Бу ҳақида Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.
Фуқаро Х.Б.га ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилиб, ҳаракатида пора бериш жинояти борлиги ва жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида бир неча маротаба огоҳлантирилиб, жиноятдан қайтаришга ҳаракат қилинишига қарамасдан пора таклиф қилишда давом этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги Ўз хавфсизлиги бошқармаси Фарғона вилояти бўйича бўлими ҳамда Марғилон шаҳар прокуратураси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро Х.Б. Марғилон шаҳар ички ишлар органлари пробация гуруҳи инспектори Б.И.га хизмат хонасида 50 АҚШ доллари миқдоридаги пулни пора тариқасида берган вақтида ушланли. Ушбу пуллар холислар иштирокида далилий ашё тариқасида расмийлаштириб олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан тегишли тартибда процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Марғилон шаҳар прокуратурасига юборилди.
М. Сулаймонов, ЎзА