“Pokémon Go” глобал маълумот йиғиш тизимига айланди
“Pokémon Go” тарихдаги энг машҳур мобил ўйинлардан бири бўлиб, 1 миллиарддан ортиқ юкланган ва миллиардлаб даромадга эга. “Euronews” маълумотига кўра, ушбу платформанинг кўнгил очар қисми замирида кенгроқ технологик тарих – фазовий сунъий интеллект ва навигация тизими ривожи яширин.
Бу жараёндаги асосий шахс 2000-йиллар бошида АҚШ разведка ҳамжамияти билан боғлиқ ҳолда шаклланган “Keyhole” стартапи асосчиси Жон Ханке ҳисобланади. У ўша пайт АҚШ жосуслик идоралари билан алоқадор “In-Q-Tel” жамғармаси кўмагида дунёнинг 3D-харитасини яратиш устида иш олиб борган. “Google” томонидан 35 миллион долларга сотиб олинган “Keyhole” кейинчалик “Google Earth” ҳамда “Google Maps” учун пойдевор бўлди.

Картография вазифаси муҳим аҳамият касб эта бошлаши билан муаммо ҳам бўй кўрсата бошлади: 3D моделни ўқитиш реал дунё обекти ҳақида жуда кўп миқдорда маълумот талаб қиларди. Бу масала қисман “Street View” ва геомаълумот сотиб олиш орқали ҳал қилинди. Шунга қарамай, муаммо тўлиқ бартараф қилинмагани маълум бўлди, чунки кўп жиҳатларни инсон аралашувисиз рақамлаштириб бўлмасди.
Ханке 2010 йил “Niantic Labs” компаниясига асос солди. Шу тариқа кенгайтирилган реал ўйинлардан оммавий маълумот тўплаш воситаси сифатида фойдаланиш ғояси пайдо бўлди. “Ingress” ва “Field Trip” ўйинларидан сўнг 2016 йил “Pokémon Go” чиқди ва миллионлаб фойдаланувчини глобал сканерлаш иштирокчисига айлантирди. Тўпланган маълумот “VPS” (Visual Positioning System) технологияси асосини ташкил этди. Бу GPS иштирокисиз ҳам камера тасвири асосида жойлашувни сантиметр даражасида аниқлаш имконини берди.

Кейинчалик “Niantic Labs” мазкур технологияни фазовий сунъий интеллектга ихтисослашган “Niantic Spatial” компаниясига айлантирди. Энди VPS тизимини логистика, робототехника ва саноатда қўллаш ҳақида ўйлашяпти. 2025 йил компания мудофаа ва технология ташкилотлари, жумладан АҚШ геофазовий разведкаси билан ишлайдиган “Vantor” ва GPS ўчирилган шароитда дрон навигацияси лойиҳалари билан ҳамкорликни йўлга қўйди.
Шу тариқа ўйин механикаси глобал маълумотни краудсорсинг қилиш воситасига айланди. Қолаверса, “Pokémon Go” фазовий СИ ва навигация технологиясини ривожлантиришга ҳам муҳим асос бўлди.
С.Раҳимов, ЎзА