Пиллачиликда янги усуллардан фойдаланилмоқда
Тошкент вилоятида пиллачиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани туфайли бир йилда 3-4 марта ипак қурти боқиляпти.
Бу самарали усул нафақат “кумуш тола” хирмонининг юксалишига, балки касаначилик орқали ишсиз аҳолининг доимий даромад манбаига эга бўлишига ҳам имконият яратмоқда. Айни пайтда пиллакорлар томонидан етиштирилган ҳосилни йиғиб олиш ишлари авжида.
Тошкент вилояти ҳокимлиги вилоят “Агропилла” ташкилоти билан ҳамкорликда Янгийўл туманига ОАВ вакиллари учун пресс-тур ташкил этди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бир тонна пилладан 350 килограмм ипак, 20 минг метр адрас, 13 минг метр атлас олиш мумкин. Деҳқончиликда пилла йилнинг биринчи ҳосили ҳисобланади. Ҳозир Тошкент вилоятида 3 минг 669 гектар тутзор мавжуд бўлиб, яна 142 гектар ерга 758 минг 560 тут кўчати ўтқазилди. Мақсад яшил майдонларни кенгайтириш ва пиллачилик соҳасида зарур бўлган озуқа базасини шакллантиришдир.
Жорий йилда Тошкент вилояти пиллакорлари 1 минг 873 тонна пилла ҳосили етиштиришни мақсад қилган. Улар ҳудуддаги 7 та масъулияти чекланган жамияти билан тўғридан-тўғри шартнома тузган бўлиб, 31 минг 746 қути ипак қурти парваришлади. Аҳолининг 90 минг нафари доимий ва мавсумий иш билан таъминланди. Шундан 45 минг нафари ёшлардир.
Хусусан, Янгийўл туманида мавсумда 8 минг 370 нафардан зиёд ёш, хотин-қизлар билан биргаликда ушбу масъулиятли ишнинг уддасидан чиқилмоқда. Улар 2 минг 200 қути ипак қурти парваришлаб, шартномавий режани 130 тоннага бажаришни мақсад қилган.
Маълумот ўрнида: туманда 93 гектар тут плантациялари мавжуд. Бугунги кунгача 40 тоннадан зиёд хом пилла топширилди.
Илк манзил “Хўжаобод” маҳалла фуқаролар йиғини бўлди. Бу ерда 2 минг 141 нафар аҳоли яшайди. Кўплаб хонадонлар имкониятидан келиб чиққан ҳолда 3 мавсумда пилла боқади. Маҳаллада ишсизларни топиш қийин. Сабаби аҳоли томорқаларида турли хил сабзавот етиштиради, чорвачилик ва паррандачилик билан шуғулланади. Улардан бири ҳудудда барчага ибрат кўрсатаётган Солижон Матқосимовлар хонадонидир.
– Салкам 50 йилдан бери хонадонимизда 3-4 қутидан пилла қурти боқамиз, – дейди 70 ёшли Ўриной буви Матқосимова. – Фарзандларимизни, невараларимизни шундай меҳнат билан улғайтирдик, даромадимиз ҳам жуда яхши. Баҳор фасли бироз салқин келгани пилла қуртининг дастлабки ривожланишига ўз таъсирини кўрсатган бўлса ҳам, якунда барибир кутилган натижага эришдик. Мана, бугун қўшниларимиз билан катта ҳашар бошлаганмиз. 1 килограмм пилла учун 40 минг сўмдан бериляпти.
Шундан сўнг журналистлар “Каримжон ўғлонлари” фермер хўжалигида дала шароитида боқилган 18 қути ипак қурти бўйича иш жараёни билан танишди. Хўжаликнинг 43 гектар ер майдони бўлиб, асосан пахта ва ғалла етиштирилади. Шу билан бирга, улар пиллачиликда ҳам туманда илғорлар сафидан ўрин олган. Бунинг учун 4 нафар тажрибали ишчи бириктирилган.
Журналистлар “Обод” маҳалла фуқаролар йиғинида пиллани намунали тарзда етиштирган пиллакор Қимматхон Маматқулова билан ҳам учрашди. Бу йил у пилла ўраш жараёнига янги тажрибаларни қўллаб кўрди. Хусусан, махсус тўр ва арча шохларида пилла қуруқ, оппоқ бўлиб ўралган. Бу тажриба соҳа масъуллари томонидан алоҳида эътироф қилинди.
– Бу йил 5 қути ипак қурти боқдик, – дейди Қ.Маматқулова. – Режа бўйича 250 килограмм пилла олиш белгиланган эди. Бироқ 351 килограмм пилла топшириб, 14 миллион сўм пул олдим. Аслида қуртларнинг пилла ўраши учун қуруқ ва иссиқ жой бўлиши жуда муҳим. Шунинг учун яхши шароит қилиш керак бўлади. Айнан шу масала мавсумда ҳамма пиллакорларни ўйлантиради. Биз қўллаган тажриба ўз натижасини берди.
[gallery-17713]
Суҳбат давомида ОАВ вакиллари бу ҳақда ўзларни қизиқтирган саволларга жавоб олди. Шунингдек, ҳозир тумандаги пилла қабул қилиш пунктида ҳам ишлар қизғин давом этмоқда. Масъуллар томонидан пилла хомашёси топшираётганларга шу жойнинг ўзида белгиланган пул бериляти. Машаққатли меҳнатнинг роҳати бўлгани каби намунали натижаси учун туман ҳокими О.Атауллаев Қ.Маматқуловани телевизор билан мукофотлади.
Шунингдек, Республика Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси томонидан пиллакорга имтиёзли равишда бепул санаторийга йўлланма ҳам тақдим этилди. Илғор пиллакорларни қўллаб-қувватлаш борасидаги бу каби амалий ишлар давом этмоқда.
А.Мусаев, А.Алижонов(сурат), ЎзА мухбирлари