Пиллачиликда хориж тажрибаси кенг қўлланилмоқда (+видео)
Пиллачилик – ипакчилик саноати учун хом ашё етказиб берувчи муҳим тармоқлардан бири ҳисобланади. Ўзбекистон бу борада жаҳонда 4 ўринда турувчи мамлакатдир. Юртимизда қадимдан “пиллачилик мактаби” шаклланган бўлиб, йиллар давомида минглаб инсонлар ушбу соҳада даромад топиб келганлар.
Масалан, Пскент туманида яшовчи Қурбоновлар оиласи кўп йиллардан буён пиллачилик билан шуғулланиб келади. Бир мавсумда пилладан 2.5-3 миллион сўм даромад кўрадилар ва уларнинг оилаларига бириктирилган 50 сотох тутзорнинг оралиқ майдонида экин экиб, яна қўшимча 20 миллион сўм даромад топишар экан.
Шу йилнинг 6 март куни «Ипакчилик соҳасини янги тизим асосида ривожлантириш ҳамда озуқа базасини мустаҳкамлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори эълон қилинди. Ушбу ҳужжат орқали бир қатор имтиёзлар кўзда тутилган бўлиб, бу омил хорижлик инвесторларнинг ҳам эътиборини тортди. Куни кеча авваллари туманда бўлмаган янги корхона ташкил этилди. Лойиҳа қиймати 400 минг АҚШ доллари бўлган мажмуада пиллачилик тармоғи учун барча ускуналар мавжуд. Юқори сифатли пилла тухуми Хитойдан олиб келинади ва бу ерда тайёрланиб, касаначиларга тарқатилади. Пилла тайёр бўлгач, хитойлик ҳамкорлар уни яна қайтиб сотиб оладилар ва қуритиб, ичидаги қуртларни ҳам сақлаб қоладилар. Бу балиқчилик, парандачилик соҳаси учун муҳим озуқа вазифасини ўтар экан. Хуллас, энди пилла дориланмайдиган бўлибди. Бир кунда ўртача 15 тонна пилла қуритилади. Тайёр маҳсулот бўлган ипак эса хорижга экспорт қилинади.
Қарорда шунингдек 2029 йилгача пиллачилик кластерларининг бино ва иншоотлари мол-мулк солиғи ҳамда ер солиғидан озод қилиниши белгиланган бўлиб, ҳар бир мавсумий ишчи ойлик иш ҳақининг 50 фоизи компенсация қилиб берилади. Тутзорларни томчилатиб суғорганлар учун 8 млнсўмгача субсидия ажратилиши кўзда тутилган.
- Пиллани учинчи ёшгача боқиб, халққа тарқатиш энг яхши усуллардан бири ҳисобланади, - дейди “Пскент тумани агропилла” МЧЖ бош агрономи Санобар Жўраева. – Чунки, булар ҳали кичкина. Оёғи билан бир-бирини устига чиқиб тирнаб касаллантириб қўйиш эҳтимоли юқори. Устма-уст солинганда нобуд бўлиши мумкин. Менга Хитой усулининг ёққан томони 3 ёшдан кейин пилла касалликдан ҳоли ҳисобланади ва касаначиларимиз уни боқишга қийналмайди.
Ҳозир кўриб турибсиз давлатимиз томонидан пилачиликка катта эътибор берилди. Касаначиларимиз даромад солиғидан ва ижтимоий солиқдан озодлиги, бир йил меҳнат стажи берилиши бу ҳам уларга яхшигина имконият бўлди.
Дарҳақиқат, “Маҳалла еттилиги”нинг коллегиал қарори асосида пиллачилик кластери пилла учун тўлаб берган маблағларнинг 35 фоизи миқдорида давлатдан субсидия ажратилади. Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги (Ўрмон агентлиги) балансидаги ер майдонларида ташкил этиладиган тутзорларда пилла кооперативи тузиш мақсадлари учун ушбу кооператив аъзоси ҳисобланадиган камбағал оилаларга (1та оиланинг 1 нафар аъзосига фақат 1 марта) 4 млн сўмдан субсидия ажратиладиган бўлди.
Албатта қарорда пиллачилик соҳаси вакиллари учун яна кўплаб имтиёзлар назарда тутилган бўлиб, уларнинг тадбиқ этилиши тармоқни замон талаблари даражасида ривожлантиришга кенг йўл очиб беради.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/w7k_4lw0bEU" title="Pillachilikda xorij tajribasi keng qo`llanilmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Ойбек Давронов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА